АЖДОДЛАРГА СИҒИНИШ — патриархал экзогам уруғларида шаклланган оила-уруғ эътиқодларининг бир қисми. Аждодларга сиғинишда уруғ оқсоқоллари ва патриархал оилаларнинг бошлиқлари асосий роль ўйнаган. Аждодларга сиғинишнинг турли шакллари мавжуд бўлган. Аждодларга сиғиниш дафн маросимлари (ўлган кишиларнинг жони ва руҳи ҳақидаги тасаввурлар), шахсий ҳомий рухларга, оила-уруғ оқсоқол ҳомийларига сиғиниш кабилар асосида таркиб топган. Аждодларга сиғинишда аждодларнинг руҳлари уруғнинг аъзоси бўлиб қолиши, лекин улар одамлардан кучли бўлгани сабабли уруғнинг фаровонлиги шу руҳларга боғлиқ, деган тасаввур катта аҳамият касб этган. Бу тасаввурлар обрў-эътиборли уруғ оқсоқоли тимсолини кабила худоси даражасига кўтариш учун ғоявий асос бўлиб хизмат қилган. Жамиятда кишиларнинг ижтимоий белгиларига кўра табақалашувига мос равишда аждодлар рухларининг ҳам табақалашуви содир бўлади, натижада қабила бошлиқлари, уруғ оқсоқолларига сиғиниш биринчи ўринни олади. Бунинг асосида қад. динларда қаҳрамонларга сиғиниш, кейин эса авлиёларга сиғиниш вужудга келган. Туркистон халқлари орасида ҳам бу одат кенг ёйилган. Ҳозир ҳам арвохларни эслаш, арвоҳларга сиғиниб улардан мадад сўраш, улар учун худойи қилиш, ис чиқариш каби шаклларда намоён бўлади.