АҲОЛИ ХАРАЖАТЛАРИ

АҲОЛИ ХАРАЖАТЛАРИ — аҳолининг тирикчилик ўтказиш учун қилган пул сарфлари; аҳоли пул даромадларининг ишлатилиши. Аҳолининг пул даромади унинг эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилади. Даромадлар истеъмол товарлари ва хизматларни харид этиш, турли тўловларни тўлаш, жамғарма ҳосил этиш учун сарфланади. Аҳоли харажатларининг объектив чегараси даромад бўлса, унинг субъектив чегараси даромад эгасининг диди, эрки, нимани афзал кўришидир. Шу туфайли даромад бир хил бўлсада, харажатлар таркиби турлича бўлади. Даромад қанчалик кўп бўлса, озиқ-овқат учун сарфлар қисқариб, саноат моллари ва хизматларни харид этиш харажатлари, чунончи, узоқ муддат хизмат қилувчи қимматбаҳо товарлар харидига пул кўпроқ сарфланади. Шу жиҳатидан аҳоли турли тоифаларининг харажатлари бир-биридан фарқланади. Камбағал оилаларда овқатланиш харажати устивор бўлса, тўқ ва бой оилаларда кийиниш, дам олиш, саёҳат қилиш, қимматбаҳо товар харид этиш сарфлари устун туради. Иқтисодиёти ривожланган ва хал-қи фаровон яшайдиган мамлакатларда аҳолининг озиқ-овқат учун сарфлари қисқариб, минимал даражага тушади. Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш даврида Аҳоли Харажатлари таркибида ўзгаришлар пайдо бўлди. Аҳоли харажатларида озиқ-овқат сарфлари билан бир қаторда, ноозиқ-овқат товарларини харид этиш, пул жамғариш ва қимматбаҳо қоғозларни орттиришга қаратилган харажатлар ҳам кузатилади.

Аҳмаджон Ўлмасов.