АҲМЕДОВ Турсун (1917.7.11, Тошкент — 1983.16.9) — наққош, кулол, ганч ўймакори; Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1974). Тошкент бадиий ўқув и. ч. ктида таҳсил кўрган (1935—38). Навоий театрини таъмирлашда қатнашган. 1969—78 й. лар Тошкентда қурилган кўпгина янги иншоотлар (жумладан, ҳоз. Ўзбекистон халқлари тарихи музейи биноси)ни безашда фаол иштирок этган. Тошкент услубида нақшлаган мебеллари, ислимий нақшлар билан безаган лаганлари ва б. асарлари билан халқаро ва республика кўргазмаларида иштирок этган. Асарлари Ўзбекистон санъат музейи («Намоён», 1958, ёғоч, темпера) ва Амалий санъат музейида (мас, 8 қиррали курси) сақланади.