АҲМЕДОВ Ёқуб (1938.3.1, Наманган) – Ўзбекистон халқ артисти (1974). Тошкент санъат ин-тини тугатган (1959). 1958 й. дан Ҳамза театрида. Дастлабки йиллар яратган Али Қушчи (М. Шайхзода, «Мирзо Улуғбек»), Мурод (Уйғун, «Парвона»), Лейстер (Ф. Шиллер, «Мария Стюарт») каби роллари билан ўз ижод йўлини белгилаб олди. Аҳмедов ижоди ижтимоий ва ғоявий мазмунга тўла, уфқи кенг, кўп қиррали. Қаҳрамон хаттиҳаракатларини тўғри гавдалантириш билан бирга унинг руҳини, тафаккур кучини, фикр ва ҳиссиётлар тўлкинини, унинг кайфиятини, буюк инсоний фазилатларини очишга интилади. Энг яхши роллари: Ҳакимбойвачча (Ҳамза, «Бой ила хизматчи»), Саксон Нуртоевич (О. Жаҳонова, «Ҳазрати аёл»), Тўлаган (А. Иброҳимов, «Пуч»), Кайхисрав (С. Сирожиддинов, «Тўмарис»), Алишер Навоий (Уйғун, И. Султон, «Алишер Навоий»), Икромжон (С. Аҳмад, «Уфқ») ва б. Кинода: Фурқат («Фурқат»), Амир Олимхон («Қора консулнинг ҳалокати»), Шайх Исмоил («Оловли йўллар»), Султонали («Зулматни тарк этиб…»), Ота («Кетма»), Азизбек, Юсуфбек ҳожи («Ўтган кунлар») каби роллари билан танилди. Шунингдек, бир қанча видеофильмларда ҳам турли характердаги кишилар образини яратди: Муҳиддин (О. Ёқубов, «Улуғбек хазинаси»), Расул Оллоёрович (Ў. Усмонов, «Гирдоб»), Алишер Навоий (Ойбек, «Алишер Навоий»), Сандро (Н. Думбадзе, «Абадият қонуни») ва б. Алишер Навоий образини Аҳмедов ўзига хос талқин этди. «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1997).