АҲМЕДОВ

АҲМЕДОВ Бўрибой (1924.12.8, Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Қорасув қишлоғи) — тарихчи, шарқшунос. Ўзбекистон ФА акад. (1995), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1989), тарих фанлари д-ри (1974). Ўрта Осиё ун-тининг шарқ ф-тини битирган (1953). Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида илмий ходим, илмий котиб, бўлим бошлиғи (1960 — 90). 1991 й. дан бош илмий ходим. Халқаро Амир Темур жамғармаси раиси (1995 й. дан). Аҳмедовнинг илмий фаолияти ўзбек халқининг этник тарихи ва шаклланиши, манбашунослик, Ўрта Осиё халқларининг 10 — 19 – а. лардаги ижтимоий-сиёсий тарихи, Темур ва темурийлар даври тарихи ҳамда маданияти каби муҳим йўналишларга қаратилган. Бир қанча қўлланма, луғатлар («Тарихдан қисқача изоҳли луғат», 1977) муаллифи. Амир Темурнинг 660 йиллиги (1996) муносабати билан катта ташкилий, илмий ишлар олиб борди. Амир Темурга бағишланган халқаро анжуманлар (Париж, Самарқанд, 1996)да қатнашиб маърузалар қилди. «Амир Темур» тарихий романини езди (1995). Бир канча китобларга масъул муҳаррирлик қилди. Асарлари инглиз, француз, рус ва б. хорижий тилларда босилган. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Бош таҳрир ҳайъати аъзоси (1997 й. дан). Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989). «Амир Темур» (1997), «Буюк хизматлари учун» (1999) орденлари билан тақдирланган.

Ас: Ўзбекларнинг келиб чиқиши тарихидан, Т., 1963; История Балха, Т., 1982; Ўзбекистон тарихи манбалари, Т., 1986; Ўзбек улуси, Т., 1992; Тарихдан сабоқлар, Т., 1994.