АҲМАРОВ Чингиз Габдураҳмонович (1912.18.8, Троицк ш., ҳоз. Челябинск вилояти — 1995.13.5, Тошкент) — монументалист рассом, Ўзбекистон халқ рассоми (1964). Ижодида Шарқ миниатю-раси анъаналарини давом эттириб, миллий мусаввирлик мактабини яратди. Пермь бадиий техникумида (1927-30), В. Суриков номидаги Москва бадиий инситутида (1935-42) таълим олган. Аҳмаров ўзбек тасвирий санъатининг миллий ўзига хослиги борасида халқнинг бой ва гўзал бадиий меросининг илғор анъаналарини ҳоз. замон санъатига ижодий сингдиришда фаол хизмат қилди. Асарларида ижодкорлик руҳи билан яшаётган замондошларининг гўзал ва ёқимтой, табиати мураккаб ва нафис қиёфалари тасвирланади. Ижодини 30 – й. ларда дастгоҳ рассомлиги ва графика соҳасида асарлар яратиш билан бошлаган (Ш. Сулаймоннинг «Ли Чу» китобини безаган, 1934; «Муштум», «Машъала» жур. лари учун расмлар чизган; «Қиз портрети», «Бола портрети», «Акам портрети» ва б.). 2 – жаҳон уруши йилларида ватанпарварлик руҳидаги асарларни яратди («Ўзбекистон қиличи» триптихи, 1942). Дастлаб Навоий театри фойесига Навоий «Хамса»си мавзулари асосида маҳобатли деворий расмларни (1944 — 47) ишлади. Шу даврдан бошлаб Шарқ мавзуи Аҳмаров ижодидан кенг ўрин олди. Қозон опера ва балет театри (1959), Навоий номидаги Адабиёт музейи (1968), Беруний номидаги Шарқшунослик ин-ти (1968 — 69), Самарқанддаги Улуғбек мемориал музейи (1964), «Юлдуз» ресторани (1970), Ҳамза номидаги Санъатшунослик ин-ти (1980) ва б. биноларга (ҳаммаси ҳам алебастрга темпера б-н) деворий расмларни чизди. 50 – й. лардан кўп қиррали ижодкор сифатида кўзга ташланди: портретлар (М. Турғунбоева, 1952; рассом Р. Темуров, 1961; шоира Зулфия, 1965; Ҳалима Носирова, «Ёш Навоий», 1968), театр спектакллари ва кинофильмларга чизгилар (М. Шайхзоданинг «Мирзо Улуғбек» фожиасига, Ҳамза театри, 1964; «Улуғбек юлдузи», «Икки дил достони» фильмларига), китоб безаклари (Ойбекнинг «Навоий» романи, 1951; «Равшан» эпоси, 1958 ва б.), маиший лавҳалар («Бухороча рақс», «Хоразмча рақс», «Хуш келибсиз», ҳаммаси ҳам 1971), расмлар («Индонезия таассуротлари» туркуми, 1964), амалий санъат буюмлари учун чизгилар (чинни лаганлар учун расмлар, 60 — 70-й. лар) ҳам яратди. Тошкент метрополитенининг «Алишер Навоий» бекати, Амалий санъат музейи биноси деворларига ишлаган асарлари (80 — 90-й. лар) ҳам жозибалидир. Сўнгги йилларда «Амир Темур ва Бибихоним», «Амир Темур ва дарвиш», «Амир Темур ва Боязид» каби асарларини яратди (1992 — 95). Асарлари Ўзбекистон санъат музейида, Амалий санъат музейида, Навоий номидаги Адабиёт музейида, Қўқон адабиёт музейида ва б. музейларда сақланади. Ҳамза номидаги Узбекистон Давлат мукофоти лауреати (1968).
Ад:. Умаров А., Чингиз Аҳмаров, Т., 1974; Чингиз Аҳмаров: Альбом, Т., 1982.
Абдулҳай Умаров.