АҲМАДШОҲ ДУРРОНИЙ

АҲМАДШОҲ ДУРРОНИЙ (тахм. 1721 — 1773) — афғон давлат арбоби ва саркарда, мустақил афғон давлати асосчиси, шоир. Афғонларнинг дурроний қабиласининг садозай уруғидан. 1738 й. Эрон шоҳи Нодиршоҳ Афшар хизматига кирган. 1747 й. Нодиршоҳ вафот этгач, А. Д. Эрон армиясидаги афғон қўшинларини Афғонистонга олиб кетган. 1747 й. Афганистан шоҳи деб эълон қилинган. Ўз ҳукмронлиги остига барча афғон қабилалари ҳамда хонлариии бирлаштириб, уларни турли совғалар, ерлар, мансаблар билан ўзига тарафдор қилиб олган. Ҳиндистон, Эрон ва Жан. Туркистонга қатор ҳарбий юришлар уюштириб, Панжоб (1748 — 51), Кашмир (1752), Сирхинд ва Синд (1757), Балужистон (1750), Сейистон (1754), Хуросон (1754) ва Балхни (1752) босиб олган. 1761 й. Панипат жангида маратҳаларни тор-мор келтирган. Умрининг сўнгги даврида сикҳлар билан унча муваффақиятли бўлмаган урушлар олиб борган.

Аҳмадшоҳ Дурроний 17 – а. афгон шеъриятининг давомчиси сифатида пашту тилида лирик шеърлар яратган. 1940 й. Кобулда Аҳмадшоҳ Дурронийнинг 3000 байтдан иборат девони нашр этилди. Аҳмадшоҳ Дурроний девонининг кўлёзмаларидан бири Ўзбекистон ФА Шарқшунослик инситутида сақланади.