АҲМАДЖОН ҚЎШНАЙ

АҲМАДЖОН ҚЎШНАЙ (Умрзоқов) (1888, Қўқон-1959.7.11, Тошкент) — халқ созандаси. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1944). Меҳнат Қаҳрамони (1930). Рўзимат Меҳтар, Ҳамроқул Сурнайчи, Холиқ Қўшнайчиларнинг шогирди. Баёт, Дугоҳи Ҳусайний, Ушшоқ каби мақом йўлларида Муҳаммад Умар, Абдукаҳҳор Ҳофиз, Абдураҳмон ҳожи, Назирхон, Шобарот танбурчиларнинг жўрнавози. 1917 й. дан сўнг Ҳамза Ҳакимзоданинг «Сайёр труппа»сида ишлаган. Ҳамзанинг «Заҳарли ҳаёт», «Фарғона фожиаси», «Поччам келди», «Рўзиқул кал», «Қалампир Ҳожи», «Туҳматчилар жазоси» асарларига мусиқа басталаган. 1926 й. дан «Этнографик труппа»да, Мусиқа ва хореография ин-ти (1928, Самарқанд)да, кейинроқ Ўзбек мусиқа театри (Самарқанд, 1927 — 30)да хизмат қилган. 1935 й. да Курд, Эшвой, Каримқулбеги, Метро, Даромади Ушшоқ, Дугоҳи Ҳусайний, Бачавотир, Мирзадавлат, Шодиёна каби соз йўлларини ижро этиб, грампластинкаларга ёздирган. У Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театрини ташкил этишда иштирок этган. 2-жаҳон уруши йилларида Янгийўлдаги мусиқали драма ва комедия театрида ишлаган. Унинг репертуарида 200 га яқин куй бўлган.