АҲМАД ДОНИШ Махдум ибн Носир (тахаллуси Калла; 1826 — Бухоро — 1897) — ёзувчи, рассом, хаттот, олим, маърифатпарвар. 19 – а. да Бухоро тараққийпарвар муҳитининг юзага келишида муҳим ўрин тутган. Тожик тилида ижод қилган. Мударрис оиласида туғилган. Аҳмад Дониш бошланғич саводни онасидан олган, сўнг мактабда, мадрасада таҳсил кўрган. Адабиёт, тарих, фалсафа, тиббиёт, мат., астрономия илмини мустақил ўрганган. Хаттотлик, рассомлик ва наққошликни яхши билган, мунажжимликдан яхши хабардорлиги б-н Насрумахон назарига тушган. 1857, 1869, 1873 й. ларда Бухоро амири элчиларининг мирзаси бўлиб, Россия (Петербург) га борган. Сафар таассуротлари асосида «Наводир ул-вақоеъ» («Нодир воқеалар») ва «Таржимаи аҳволи амирони Бухоро» («Бухоро амирларининг таржимаи ҳоллари») каби асарлар ёзган. Уларда амирлик тузумини ислоҳ қилиш масаласини кўгарган. Аҳмад Дониш амир Музаффар таклифи билан «Манозир ул-кавокиб» («Сайёраларнинг жойлашишлари») номли астрономия (илми нужум)га оид китоб ёзган (1865). 1870 — 73 йларда ислоҳот ҳақида «Рисолаи дар назми тамаддун ва таовун» («Маданият ва жамият тартиби ҳақида рисола») асарини яратган. Бироқундаги фикрлар амирга ёқмаган ва уни саройдан узоқлаштирган (1874). Аҳмад Дониш маълум муддат Бухоро туманларида қози лавозимида ишлаган. Амир Музаффар вафотидан сўнг Бухорога қайтган, мадрасалардан бирида мударрислик қилган.
Аҳмад Дониш «Нодир воқеалар» асарида фан, техника янгиликлари, табиат ҳодисалари, геогр., инсоннинг узоқ умр кўриши, коинотнинг келиб чиқиши, Ой ва Қуёш тутилиши, зилзила ҳақида фикр юритган, Европа илм-фанини ўрганишга даъват этган. «Рисолаи тарихий» номи б-н машҳур бўлган «Таърихи салтанати хонадони манғития» асарида манғитлар сулоласининг 100 йиллик ҳукмронлиги тахлил ва тадқиқ қилинган.
Аҳмад Дониш чизган айрим расмлар сақланган. «Мактаб» номли миниатюрасида хотинқизларни ўқитиш ғояси илгари сурилган. 15 – а. миниатюра санъати услубида чизилган «Шоир ва дарвиш» миниатюраси, «Мажнун саҳрода» номли 2 миниатюраси, бангининг ҳажвий расми, ўзи кўчирган ва безаган Бедил асарлари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-ти (инв. № 373) ва Ўзбекистон давлат санъат музей и да сақланади. Тошкентдаги кўчалардан бирига Аҳмад Дониш номи берилган.
Ад.: Мўминов И., Ўзбекистон ижтимоий-фалсафий тафаккури тарихидан, Т., 1964.