АФТАЛАР

АФТАЛАР (юн. aptha — яра) — оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг касаллиги. Бунда кўпинча тил учи ёки лунж ва милкларда оқ-сариқ думалоқ эрозия ёки яллиғланган ярачалар пайдо бўлади. Улар оғриб, чайнаш, гапиришни қийинлаштиради. Аҳён-аҳёнда бурун, кўз ва жинсий аъзолар шиллиқ қаватида ҳам Афталар учраб туради. Афталар баъзан иситма, лимфа безларининг шишиб оғриши билан ўтадиган мустақил касаллик ёки чиллашир каби меъда-ичак касалликларининг асорати ҳисобланади. Афталарнинг келиб чиқиши, кечиши ва б. хусусиятларга кўра бир неча турлари фарқ қилинади. Стоматит А. нинг қайта-қайта қўзғайдиган алоҳида туридир.

Давоси: аччиқ, шўр, нордон таомлар ейиш, спиртли ичимликлар ичиш тақиқланади. Сутли ҳамда мулойим овқатлар буюрилади, шифокор тавсия қилган дори эритмаси билан оғиз чайилади.