АФСОНА

АФСОНА — 1) халқ оғзаки ижоди (фольклор) жанри. У хаёлот, уйдирма ва тўқимадан иборат бўлсада, сўзловчи ва тингловчи томонидан ҳақиқатдек тасаввур этилади, ҳатто бўлиб ўтган даври, макон ҳам кўрсатилади. Афсоналар оғизданоғизга, элдан-элга ўтиб келган, ифода усули баён тарзида.

Афсона оғзаки ҳикоят бўлиб, у хаёлий образ ёки тасаввур асосига қурилади, ҳикоя қилувчилар ва тингловчилар томонидан қачонлардир шундай бўлгандек қабул қилинади. Ривоятдан фарқли ўлароқ Афсона заминида албатта мўъжиза, сеҳр-жоду бўлади. Афсоналар олам (Ер, Қуёш ва б. сайёралар юзага келиши) ҳақида, топонимик (Қоф тоғи, дарё, денгиз, шаҳар, қалъа, қишлоқ, тепалик, Эрам боғи ва ҳ. к.), элатларнинг келиб чиқиши (мас, туркий халқларнинг), ҳайвонот дунёси (мас, шер, аждаҳо, анқо, семурғ ва б.)га оид, табиатдаги воқеа, ҳодисалар (мас, чақмоқ, зилзила, шамол ва б.) хусусида, тарихий шахслар (мас, туркийлардаги Эр Тўнга, Тўмарис, Широқ, англосакслар қироли Артур ва б.) тўғрисида, диний (мас, исломдаги Нуҳ пайғамбар хусусидаги, Абу Муслим жангномаси, Авестодаги Франграсйан (Афросиёб), христианликдаги Исо Масиҳнинг ҳаворийлари билан саёҳатига боғлиқ воқеа-ҳодисалар) ва б. турли-туман мавзуларда бўлади.

Афсоналар ҳажми кичик, баён қилиниши содда, бадиий тасвир воситаларидан деярли холи бўлади, тузилишига кўра эртак, нақл, ривоятларта ўхшаб кетади.

Афсоналар ёзма адабиётнинг, айниқса, бадиий, фалсафий, динга, тарихга, ахлоққа оид асарларнинг мавзуи, муайян қисми тарзида ғоявий-эстетик вазифани бажарган. Мас, «Қутадғу билиг», «Девону луғотит турк», Алишер Новоийнинг «Хамса», Дантенинг «Илоҳий комедия», Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема», Эркин Воҳидовнинг «Руҳлар исёни», Абдулла Ориповнинг «Жаннатга йўл» китобларида Афсоналар асарнинг бадиий-эстетик ва таъсир кучини оширишга, инсон руҳиятини янада чуқур ва тўлақонли тасвирлашга хизмат қилган.

2) Кўчма маънода — уйдирма, ёлғон, ақлга тўғри келмайдиган гап.