АФРОСИЁБ КУЛОЛЛИГИ — Афросиёбда олиб борилган археологик қазилмалар натижасида топилган қад. ўзбек халқ амалий санъати намуналари. 9 — 13-а. ларда Афросиёб кулоллари томонидан ишланган бежирим, нафис сирли идишлар Ислом дунёсида кенг тарқалган. Бу идишлар ўзининг моҳирона ишланганлиги, нақшларининг аниқ ва мазмундорлиги билан ажралиб туради. Афросиёб кулоллари дастлаб араблар истилоси (8-а.) гача бўлган санъат анъаналарига асосланиб, 9—10-а. ларда кенг тарқалган фалсафий ғояларни турли рамзлар, араб алифбосида ёзилган эзгу ниятлар, халқ мақоллари, шунингдек кабутар, хўроз, бургут, от, йўлбарс, шер тасвирлари, ов манзараси ҳамда ислимий гуллар ва гириқлар билан ўз асарларида мужассам этганлар. Безакда асосий ўрин тутган куфий ёзувлар, айниқса чузиб ёзилган ҳарфлар билан тик ёзилган «Алиф» ва «Лом»нинг уйгунлиги нақшнинг таъсирчанлигини оширган. Кейинги даврлар (11—13-алар) да Афросиёб кулоллиги даги безаклар ўрнини умумлаштирилган қушлар тасвири, мазмундор араб сўзлари, мураккаб гуллар, нақшлар олади. Бундам безаклар идишларнинг куркамлигини бурттириб кўрсатади. Бу услуб бизнинг давримизгача етиб келган. Афросиёб кулоллиги даги безаклар буюм шаклига мослиги, рангларининг ёрқинлиги ва нафислиги билан киши диққатини ўзига жалб этади.
Ад.: Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И., Очерки искусства Средней Азии, М., 1982.