АФИНА

АФИНА, Қадимги Афина — Юнонистон (ҳоз. Греция) тарихи ва маданиятида муҳим аҳамиятга эга бўлган шаҳардавлат (полис). А. Юнонистоннинг Аттика деб аталган тоғли жойида вужудга келган. Археологик маълумотларга кўра, бу жойларда одамлар неолит давридан бошлаб яшаган. Аттикаликлар Афина маъбудига сажда қилганлар. Аттикадаги қишлоқлар бирлашиб Афина ш. вужудга келган (мил. ав. 9—8-а. лар). Бу вақтда (Гомер даври) ҳарбий демократия сусайиб, уруғчилик муносабатлари емирила бошлаган эди. Ҳокимиятни уруғ аристократлари (эвпатридлар) бошқарардилар. Мил. ав. 7-а. да Афинада эвпатридлар сиқуви кучайиб деҳқонлар аҳволи оғирлашган эди. Мил. ав. 594 й. да савдогарлар аристок-ратиясидан Солон архонт (ҳоким) бўлди. У А. да ижтимоий-сиёсий тузумни тубдан ўзгартирадиган ислоҳотлар ўтказди. Қарзларни бекор қилди, қарз туфайли қул қилиб сотишни тақиқлади, уруғчилик муносабатларига узил-кесил зарба берди. Сиёсий ҳуқуқ ва ла-возимлар кишиларнинг мол-мулкига қараб белгиланадиган бўлди. Аристократ наслидан бўлган Писистрат ўз тарафдорлари ва ёлланма аскарларига таяниб, мил. ав. 560 й. да ўзини Аттика деҳқонларининг доҳийси деб эълон қилди ва Афинанинг мустабид ҳокими бўлиб олди. Писистрат ўзига қарши бўлган аристократларнинг ерларини тортиб олиб деҳқонларга улашиб берди, улар га давлат ҳисобидан пул қарз беришни жорий этди. Писистрат даврида Афинада савдо муносабатлари ривожланди, ибодатхона ва б. қасрлар қурилди, сув қувури ўтказилди. Писистрат ва унинг ўғиллари саройга энг яхши адибларни тўпладилар. Гомернинг «Одиссея» ва «Илиада» асарлари ёзиб олинди. Афинада дастлабки театр вужудга келди. Писистрат вафот этгандан сўнг (мил. ав. 527 и.) ҳокимият унинг ўғиллари Гиппий ва Гиппархга ўтди. Лекин мустабид ҳокимлик узоқ давом этмади. Гиппарх фитначилар томонидан ўлдиридди, Гиппий эса ҳокимиятдан ҳайдалди (510 й.). Йирик савдогар ва ҳунармандлар вакили Клисфен халқ қўзғолонига бошчилик қилиб, ҳокимиятни қўлга олди (508 й.). У тўртта уруғчилик округи ўрнига ўнта ҳудудий округ ташкил этди. Шу билан уруғчилик жамоаси тузумининг сўнгги қоддикларига барҳам берилди. Мил. ав. 5-а. бошида юнон-форс урушлари бошланди. Марафон жангива (мил. ав. 490 й.) юнонлар форсларга қаттиқ зарба бердилар. 480 й. Ксеркснинг жуда катта қўшини Болқон я. о. га бостириб кирди. Саламин о. ёнидаги денгиз жангида юнонлар ғалаба килдилар. Афинада Эгей денгизи давлатларининг бирлашувидан иборат Делос иттифоқи тузилди. Бу иттифоқ кейинроқ Афинанинг денгиздаги ҳукмронлигини таъмин этди. Афинадан ташкарига вино, зайтун мойи, турли ҳунармандчилик бу-юмлари чиқарилар, четдан асосан, қуллар, ғалла ва ёғоч келтирилар эди. Афинада Перикл даври (мил. ав. 5-а. ўрталари) қад. қулдорлик демократиясининг намунаси эди. Перикл қонуни бўйича ҳамма озод аҳоли иштирок этадиган Халқ мажлиси — олий орган ҳисобланар ва у барча муҳим давлат ишларини муҳокама қиларди, чек ташлаш йўли билан сайланадиган 500 лар кенгаши давлатнинг маъмурий-назорат органи ҳисобланар, ижро этувчи олий ҳокимият 10 стратег коллегияси қўлида эди. «Перикл олтин асри» деб аталган йиллар Афина маданиятининг энг юксак даражада тараққий этган даври бўлди. Бу даврда Афинада тарихчи Геродот, файласуф Анаксагор, ҳайкалтарош Фидий, Эсхил, Софокл ва Еврипид каби адиблар яшаган, катта-катта иморатлар — қасрлар вужудга келган. Меъморчилик усталари — Иктин ва Калликратлар Фидий раҳбарлигида Афина маъбудаси ибодатхонаси — Парфенотт бунёд этганлар. Бу қаср кад. меъморлик маданиятининг энг яхши намуналаридан бири бўлиб қодди. Ўша вақтларда Афина ёзувчиларининг тили (аттика лаҳжаси) кенг тарқалган ва эллинистик давлатларда адабий тил ҳисобланган. Периклнинг бутун Юнонистонни Афинага бўйсундиришга қаратилган ташки сиёсати юнонлар давлатидаги бошқа гуруҳларнинг қаршилигига дуч келди. Бу гуруҳлар орасида Спарта бошчилигидаги Пелопоннес иттифоқининг эътибори баланд эди. Пелопоннес иттифоқи демократик тартибга қарши олигархия тартибини ёқлаб чиқди. Ўртадаги қарама-қаршилик бутун Юнонистон учун ҳалокатли бўлган Пелопоннес урушини (мил. ав. 431—404) келтириб чиқарди. Урушда мағлубиятга учраган Афина ўзининг Юнонистонда тутган етакчилик мавқеини йўқотди. Лекин бу мағ-лубиятдан сўнг ҳам Афина давлати яна анча вақтгача қад. дунё маданиятининг энг йирик марказларидан бири бўлиб келди. Мил. ав. 338 й. Македония подшоси Филипп II Херонеядаги жангдан сўнг Юнонистонни ўзига бўйсундирди. Афина б-н Рим империяси ўртасидаги дўстлик муносабатлари мил. ав. 88 й. гача давом этиб келди. 86 й. нинг 1-мартида римликлар Афинани босиб олдилар, кўпгина бино ва қасрлар вайрон қилинди. Аммо Рим саркардаси Сулла А. нинг ўтмишдаги шуҳратини эътиборга олиб, унга «озодлик» инъом этди.

Мил. ав. 27 й. бутун Юнонистон Рим империясининг мустамлакасига айланди. Шунда ҳам Афина ўз-ўзини мустақил идора этар, Рим ноибига итоат этмас, солиқ тўламас эди. Афина илмий ва маданий марказ сифатидаги аҳамия-тини йўқотмади, бадавлат римликлар шу ерга келиб маълумот олар эдилар. Рим императорларининг баъзилари, айниқса, Адриан А. га алоҳида аҳамият бериб, унда кўркам иморат, ибодатхоналар қурдирган, кутубхона ва гимназиялар ташкил этган. Мил. 3-а. дан варварлар истилоси бошлангандан кейин Афина узил-кесил таназзулга юз тутди. Византия империяси барпо этилиши билан Афина лаги санъат ва маданиятнинг буюк ёдгорликлари Константинополга олиб кетилди. 529 й. да Византия императори Юстинианнинг буйруғига биноан Афинада охирги мактаблар ёпилди. Шу билан кад. Афина маданий тарихи тугади.