АФҒОНИСТОН

АФҒОНИСТОН, Афғонистон Ислом Давлати — жан.-ғарбий Осиёнинг энг чекка шарқий қисмида жойлашган мамлакат. Географик ўрнига биноан Ўрта Шарқ мамлакатлари қаторига ҳам киритилади. Майд. 652,2 минг км2. Аҳолиси 25 млн. 782 минг киши (2000). Пойтахти — Кобул ш. Афғонистон маъмурийҳудудий тузилишига кўра 31 вилоятга бўлинади. Эрон, Покистон, Хитой, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон билан чегарадош. Афғонистон билан Ўзбекистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги — 137 км.

Табиати. Афғонистон ҳудудининг 4/5 қисмини тоғлар ва ясситоғликлар эгаллаган. Шим.-ғарбида Паропамиз, Сафедкўҳ, Банди Туркистон, шим.-шарқида Ҳиндикуш тоғи тизмалари асосан кенглик бўйлаб йўналган. Марказининг асосий қисмини Ҳазоражат ва ҒазниҚандаҳор ясситоғликлари эгаллаган бўлиб, уларга ғарб. ва жан. томонлардан бошқа тоғликларнинг тизмалари қўшилиб кетган (Банди Баён, Чихилабадалон, Занг тизмаси, Кўҳи Хурд, Мазор ва б.). Мамлакат ҳудудининг жан. ва жан.-ғарбий қисмлари баланд текисликлардан иборат бўлиб, уларда Регистон ва Гармсир қумли ҳамда тош ва гилли Дашти Морғо чўллари жойлашган. Ботикларда кўллар ва шўрхоклар мавжуд (Сабари, Пузак, Гауди-Зира ва б.). А. нинг жан.-шарқий чегараси бўйлаб Сулаймон тоғларининг ғарбий тизмалари чўзилган. Афғонистонда фойдали қазилмалар кам ўрганилганига қарамай, у ерда тошкўмир (Иш пушта, Каркар, Дараяи-Сўф, Карух ва б. конлар), табиий газ (Хўжа гугуртак), темир рудаси (Палангсор), хром рудаси (Шадал кеткай), олтин (Аргандаб, Санглеч, Нураба), бериллий (Дарайи-Печ, Дарайи-Нур), қўрғошин-рух (Фаринжол, Мирзака), мис рудаси (Жигдалай), ош ва тош тузлари, олтингугурт ҳамда қимматбаҳо тош конлари мавжуд. Ҳирот ва Бомиён вилоятларида маъданли сув булоқлари очилган.

Афғонистон ҳудудининг катта қисми қуруқ субтропик иқлим минтақасида жойлашган бўлиб, иқлими континентал. Ёзи иссиқ ва қуруқ (июлнинг ўртача т-раси текисликларда 32» —35°, тоғларда 10° — 14°), қиши илиқ, тоғларда совуқ (янв. нинг ўртача т-раси текисликларда 0* дан 8° гача; — 30* совуқлар ҳам кузатилади, тоғларда 0» дан паст, аёзли кунлар кўп бўлади). Йиллик ёғин миқдори шим. ҳудудларда 170 — 280 мм, чўл ҳудудларида 40 — 50 мм, тоғ ён бағирларида 800 мм гача боради. Йирик дарёлари — Амударё ва унинг ирмоғи — Панж ҳамда Ҳилманд, Фарроҳруд, Ҳерируд, Мурғоб ва б. Кобул дарёси Ҳинд океани ҳавзасига қуйилади. Дарёларнинг сувларидан сунъий суғоришда ҳамда электр энергия ҳосил қилишда фойдаланилади. Мамлакат сугорма деҳқончилик ҳудудларида бўз ва тўқ бўз тупроқ ҳамда сурқўнғир тупроқлар тарқалган. Катта қисмини қумли тупроқ эгаллаган. Асосан чўл ва дашт ўсимликлари ўсади. Шим.-шарқий ва шарқий қисмларидаги тоғларда кенг баргли (2000—2400 м ли баландликда) ҳамда игнабаргли (3300 — 3400 м гача бўлган баландликда) ўрмонлар мавжуд. Афғонистонда ёввойи ҳайвонлардан бўри, сиртлон, тулки, қоплон, айиқ, жайрон ва б. учрайди.

Аҳолиси. Афғонистон — кўп миллатли мамлакат. Унда турли тил гуруҳига кирадиган 30 дан ортиқ халқ яшайди. Аҳолининг деярли ярми афғон (пуштун)лар (8 млн. дан ортиқ киши). Тожиклар (4,5 млн.), ўзбеклар (3 млн. га яқин), хазоралар (1,5 млн . дан ортиқ), туркманлар, қирғизлар, чораймоқлар, балужлар ҳам бор. Ўзбеклар асосан Жузжон, Балх, Форёб, Қундуз, Тахор, Самангон, Ҳирот ва қисман Бағлон вилоятларида истиқомат қилади. Шаҳарларда кам жойлашган. Мозори Шариф, Шибирғон, Маймана, Ойбак, Толуқон, Қундуз ва Тошқўрғон ш. ларида аҳолининг кўпчилигини ташкил этади. Аҳолининг ўртача зичлиги — 1 км2 да салкам 30 киши. Давлат тили пушту ва дарий. Аҳолининг 85% ислом динининг суннийлик ва 15% шиалик йўналишларига мансуб. Аҳолининг 18% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Кобул, Мозори Шариф, Қандаҳор, Ҳирот, Жалолобод, Қундуз, Бағлон.

Тарихи. Ҳоз. Афғонистон ҳудудида мил. ав. 1-минг йилликда бир қанча майда давлатлар бўлган. Бақтрия уларнинг энг кучлиси эди. Улар узоқ асрлар давомида Ахоманийлар, Салавкийлар, Араб халифалиги, Ғазнавийлар, Мўғуллар, Темурийлар, Бобурийлар, Сафавийлар ҳукмронлиги остида бўлган. 1747 й. да Аҳмадшоҳ Дурроний Хуросон, Сеистон, Синд, Балужистон, Панжоб, Кашмир ва Балхни, шунингдек Амударёнинг сўл соҳилидаги айрим ҳудудларни эгаллаб, биринчи бор мустақил Афғонистон давлатига асос солди. Лекин у 1818 й. да бир қатор хонликлар (Кобул, Қандаҳор, Ҳирот ва Пешовар)га бўлиниб кетди. 1825 й. да Кобул ҳокими Дўстмуҳаммад афғон ерларини бир бутун давлат қилиб бирлаштиришга ҳаракат қилди, лекин бунга Англиянинг босқинчилик урушлари тўсқинлик қилди (1838 — 42, 1878 — 80 й. лардаги урушлар). Англия А. ни ўз мустамлакасига айлантира олмади, лекин 1879 й. да ташки сиёсат унинг назорати остига ўтди. 19 – а. охири — 20-а. бошларида Афғонистонда марказлашган давлатни шакллантириш жараёни якунланди. 1 – жаҳон урушида Афғонистон ўзини бетараф деб эълон қилди. Қулай халқаро шароитнинг вужудга келиши Афғонистон амири Омонуллохонга 1919 й. 28 фев. да Афғонистонни мустақил деб эълон қилишга имкон берди. 1919 — 28 й. ларда Омонуллохон мамлакатда қолоқликни бартараф қилиш ва и. ч. муносабатларини ривожлантиришга йўналтирилган бир қанча ислоҳотларни амалга оширди. 1923 й. да Афғонистоннинг биринчи конституцияси эълон қилинди. 1929 й. да Англия томонидан уюштирилган исён натижасида Омонуллохон тахтдан кетди. Ҳокимиятни мухолифат кучлари раҳбарларидан бири, Бачаи Сақо (амир Ҳабибулло номи б-н) эгаллади ва у барча ислоҳотларни бекор қилди. Лекин шу йилнинг ўзида Бачаи Сақо ҳокимияти ағдариб ташланди. Тахтга ўтирган Нодиршоҳ ҳукумати мамлакатни жадал ривожлантириш йўлини давом эттирди. 1933 й. тахтга унинг ўғли Муҳаммад Зоҳиршоҳ ўтирди. 2-жаҳон уруши даврида Афғонистон бетарафликни сақлаб қолди. Урушдан кейинги йилларда давлат тизимини демократлаштириш, мамлакат иқтисодий тараққиётини жадаллаштириш учун мухолифат ҳаракати кучайди (1947, 1950 — 51 й. лардаги чиқишлар, 1965 — 66 й. Кобул ш. даги намойишлар). 1973 й. 17 июлдаги қон тўкилмай ўтказилган давлат тўнтариши натижасида монархия тугатилди ва мамлакат республика деб эълон қилинди. Чуқур ислоҳотларни ўтказишга сўз берган Муҳаммад Довуд ҳукумати ўз ваъдасини бажармади. Мана шундай шароитда 1978 й. нинг 27 апр. да яна давлат тўнтариши амалга оширилди. Ҳокимиятга А. Халқ демократик партиясининг раҳбари Нурмуҳаммад Тараққий бошчилигидаги кучлар келди ва мамлакат А. Демократик Республикаси, 1987 й. дан А. Республикаси номини олди. Н. Тараққий ҳокимияти салкам бир ярим йилдан кейин Ҳ. Амин томонидан ағдарилди, унинг ўзи ўлдирилди. Мамлакатда қирғинбарот бошланди. Лекин Ҳ. Амин ҳокимияти ҳам узоққа бормади. У 1979 й. 27 дек. да ағдарилди ҳамда ҳокимият аввал Б. Кармал, 1986 й. дан Нажибулло раҳбарлигидаги А. Халқ демократик партияси ва Инқилобий кенгаш қўлига ўтди. 1978 й. апр. тўнтаришидан кейин А. Халқ демократик партияси мавжуд шароитни ҳисобга олмасдан амалга ошира бошлаган ислоҳотлар афғонларнинг асрлар давомида шаклланган анъаналари ва урф-одатларига зид эди. Бу, айниқса, ерга эгалик қилишда ва ундан фойдаланишда, таълим тизимида ҳамда аёлларнинг жамиятда тутган ўрнида яққол кўзга ташланар эди. Шунинг учун ҳам ислоҳотларнинг аксарияти халқда чуқур норозилик туғдира бошлади. Бу эса мамлакатдаги ҳамда Покистон ва Эрондан бошпана топган афғон мухолифат кучларига қўл келди. Кейинчалик А. Халқ демократик партияси юқоридаги хатоликларини тузатишга ҳаракат қилди. Лекин вақт қўлдан бой берилган, мамлакат ичидаги низолар чуқурлашган эди. Мана шундай шароитда Афғонистон ҳукуматини қўллаб келаётган, шунингдек ўз ташқи сиёсатини коммунистик мафкурани дунё бўйлаб ёйиш орқали таъсир доирасини кенгайтириш асосида қурган СССР қўшинларининг 1979 й. 25 дек. да. Афғонистонга киритилиши дунёдаги барча тараққийпарвар халқлар томонидан кескин қораланди. Кўп йиллик уруш мамлакатга 20 млрд. доллар зарар етказди. 1 млн. афғон ҳалок бўлди, 4 млн. киши чет элларга бош олиб кетди. 1989 й. фев. да собиқ совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилди. 1992 й. апр. да Нажибулло ҳокимияти ағдарилди. Исломий кучлар ҳокимиятни қўлга олди. Шу йилдан мамлакат А. Ислом Давлати деб атала бошлади. Собиқ совет қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетгандан кейин ҳам мамлакат жуда муҳтож бўлиб турган сиёсий тинчлик ва иқтисодий қайта қуриш даврига ўта олмади. Мамлакатда ички фуқаролар уруши бошланиб, у совет босқинчиларидан кўра каттароқ вайронагарчилик олиб келди. «Толибон» ҳаракатининг ўзаро курашга қўшилиши Афғонистонда янги вазиятни вужудга келтирди. Бу ҳаракатнинг ҳарбий кучлари 1994 й. кузида дастлабки муваффақиятга эришди. 1996 й. 27 сент. да улар Кобулни ишғол қилиб, президент Б. Раббоний ва Г. Ҳикматёр ҳукумати ағдариб ташланганини, мамлакатда шариат қонун-қоидаларига асосланган «чин ислом бошқаруви» жорий этилганини билдирди. Б. Раббоний билан Ҳикматёр ҳукумати Мозори Шарифга бориб ўрнашди. 1996 й. 27 сент. куни Афғонистоннинг собиқ президента М. Нажибулло суд қилинмай қатл этилди. 1996 й. 10 окт. да мамлакат шим. да толибларга қарши коалиция тузи лд и. Хинжон ш. да ҳарбий раҳбарлар — А. Р. Дўстум, А. Ш. Масъуд, Афғонистон Халилий ҳарбий иттифоқ ҳақида битим имзоладилар ва Олий мудофаа кенгаши (ОМК) туздилар. ОМК шим. даги 9 вилоятнинг ўзига хос ҳукумати бўлиб, унинг қароргоҳи Мозори Шариф эди. Бу ҳукумат аввалги барча давлат тузилмалари ишлай беришини, чет эллардаги дипломатия ва консуллик ваколатхоналари Афғонистон манфаатларини ҳимоя қилишини маълум қилди. 1997 йил июнида ОМК. тарқатилиб, унинг ўрнига А. Бирлашган ислом нажот фронти тузилди. Фронт толиблар билан музокара ўтказишга тайёр эканини билдирди.

1997 й. окт. да «Толибон» ҳаракати мамлакатнинг номи Афғонистон амирлиги деб ўзгартирилганини расмий эълон қилди. 1999 й. охирида толиблар мамлакат ҳудудининг 80% дан ортиғини назорат қилар эди. Толиблар маъмуриятини 3 давлат: Покистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари тан олган. Жаҳон ҳамжамияти президент Б. Раббоний бошчилигидаги Афғонистон ҳокимиятини ҳамон бирдан-бир қонуний ҳукумат деб тан олади. БМТ да ҳам Б. Раббоний ҳукуматидан вакил қатнашади. Иқтисодий рақобатчилик ва этник келишмовчилик каби омиллар ҳам Афғонистон даги ҳар хил жамоа ва қабилалар ўртасидаги қарама-қаршиликларни чуқурлаштирди. Сўнгги 20 йил ичида бўлиб ўтган воқеалар Афғонистонда куч билан ҳеч нимага эришиб бўлмаслигини, фақат ўзаро келишув натижасида тинчликка эришиш ва мамлакатдаги барча сиёсий кучларни қаноатлантирувчи ҳокимият ўрнатиш мумкинлигини кўрсатди.

Афғонистоннинг яқин қўшниларидан бўлмиш Ўзбекистон ана шуларни эътиборга олиб, Афғонистон муаммосини тинч бартараф этишга интилиб келди. ЎзР президента И. Каримов 1993 й. БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида бу мамлакатдаги чигал аҳволга жаҳон жамоатчилигининг эътиборини қаратди, 1995 й. 50-сессияда бу муаммони бартараф қилиш хусусидаги таклифларини баён этди. 1997 й. ЎзР президенти Афғонистонга чегарадош 6 мамлакат ҳамда АҚШ ва Россия иштирокида мулоқот ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Шу ташаббус амалга ошиб, «6+2» гуруҳи ташкил этилди. Унинг биринчи учрашуви ўша йил 16 окт. да Нью-Йоркда бўлди. Ниҳоят, 1999 йил 19 июлда Тошкентда шу гуруҳнинг навбатдаги учрашуви ўтказидди. Унда Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, шунингдек АҚШ ва Россия вакиллари қатнашди, БМТ шафелик қилди. Унда Афғонистон даги низолашаётган томонлар: «Толибон» ҳаракати ва А. Бирлашган фронти мўътабар намояндалари иштирок этиши катта воқеа бўлди. Анжуман ниҳоясида «Афғонистондаги можарони тинч йўл билан бартараф этишнинг асосий та-мойиллари тўғрисида» Тошкент Декларацияси имзоланди. Декларация «Толибон» билан Бирлашган фронт ўртасида ва улар билан «6+2» гуруҳи аъзолари ўртасида бевосита мулоқатни йўлга қўйишга асос бўлди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши «6+2» гуруҳининг Тошкент учрашуви якунларини юқори баҳолади. Қабул қилинган Тошкент декларацияси БМТ ҳужжати мақомини олган. А. – 1946 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР билан Афғонистон ўртасида дипломатия муносабатлари 1992 й. окт. да ўрнатилган.

Асосий сиёсий партия ва ташкилотлари. Афғонистон ислом жамияти (раҳбари — Бурҳониддин Раббоний); А. ислом партияси (раҳбари — Гулбиддин Ҳикматёр); «Толибон» ҳаракати (раҳбари — мулла Муҳаммад Умар); А. Миллий ислом ҳаракати (раҳбари — Абдул Рашид Дўстум); А. миллий нажот жабҳаси (раҳбари — Сибғатуллоҳ Мужаддадий); А. озодлик ислом ҳаракати (раҳбари — Абду Расул Сайёф); А. миллий ислом жабҳаси (раҳбари — Сайид Аҳмад Гийлоний); А. ислом бирлиги партияси (раҳбари — Муҳаммад Ҳалилий). Аммо ҳоз. кунда зикр этилган партияларнинг аксарияти Покистон ҳудудида жойлашган бўлиб, Афғонистон ҳудудида эса «Толибон» ҳаракати билан Шим. Иттифоқ қолган. Шим. Иттифоқ таркибига Афғонистон ислом жамияти», «Афғонистон ислом бирлиги партияси», «Афғонистон озодлик иттифоқи ҳаракати партияси», «Афғонистон миллий ислом ҳаракати» сиёсий партиялари ва уларга қарашли кучлар кирган.

Хўжалиги. Афғонистон — аграр мамлакат. Унинг хўжалиги кўп укладли. Мамлакатнинг шим. вилоятларида, Кобул атрофларида ҳамда Қандаҳор ва Ҳирот вилоятларида капиталистик и. ч. муносабатлари бир оз ривожланган. Афғонистон иктасодий жиҳатдан дунёда энг қолоқ ва камбағал мамла-катларнинг биридир. Ялпи миллий маҳсулотнинг 4/5 қисми қ. х. да яратилади. Афғонистон иқтисодиётининг асосини суғорма деҳқончилик ва яйлов чорвачилиги ташкил этади. Суғорма деҳқончилик Қундуз, Кўкча, Балх, Дарёйи-Сафед, Мурғоб дарёларининг водийларида ривожланган бўлиб, у ерларда буғдой, арпа, шоли, жўхори, пахта, кунжут, қанд лавлаги етиштирилади. Нангарҳар вилоятида шоли, жўхори билан бир қаторда шакарқамиш, цитрус мевалари ҳам етиштирилади. Боғ ва тоюорларнинг асосий қисми Кобул, Ҳирот, Аргандаб ҳамда шим. ва ғарбий вилоятлардаги дарё водийларига тўғри келади. Сабзавотчилик ва полизчилик кенг тарқалган. Мамлакатда қ. х. га ярокли 17 млн. гектар ер бўлиб, унинг 8 млн. гектари ҳайдаладиган ерлардир. Сугорма ерлар 2,5 млн. гектарни ташкил этади. Ғалланинг ялпи ҳосили 4 — 5 млн. тонна бўлиб, унинг де-ярли ярми буғдой, 1/6 қисми — арпа. Пахта (йилига 200 минг т), сабзавот ва полиз экинлари (йилига 200 минг т), узум (йилига 500 минг т), мева, зайтун (йилига 150 минг т) етиштирилади. Чорвачиликда қўйчилик асосий ўрин эгаллайди. Қўиларнинг 1/4 қисми қоракўл қўйларидан иборат. Эчкичилик, йилқичилик, туячилик ҳам ривожланган. Паррандачилик ҳам мавжуд. Суғорма деҳқончилик ҳудудларида пиллачилик ривожланган. Мамлакатда 3 млн. га яқин киши кўчманчилик билан турмуш кечиради.

Саноат асосан маҳаллий хом ашёга асосланган бўлиб, аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган енгил ва озиқ-овқат саноати барпо қилинган. Электр энергияси Мо-зори Шарифдаги қуввати 36 минг кВт ли, Кобул, Гулбаҳор, Қандаҳор, Ҳирот ва Бағлондаги қуввати 2 минг кВт ли иссиқлик электр ст-яларда ҳосил қилинади. Кобул дарёсида ГЭС каскади (ҳар бири 100 минг кВт ли учта ва 15 минг кВт ли битта) мавжуд, жан. да Ҳилманд дарёсида (100 минг кВт гача бўлган), унинг ирмоғи Аргандабда 15 минг кВт ли, Қундуз дарёсида 15 минг кВтли «Пули-Хумри» электр ст-ялар барпо этилган. Шим. даги саноат (газ, нефть, кумир, тош тузи ва б.) корхоналари 1997 й. нинг ўрталаригача маҳсулот ишлаб чиқарди. Кобулда металлсозлик, ёғочни қайта ишлаш, қурилиш мате-риаллари. ип газлама, чарм пойабзал корхоналари, Мозори Шарифда азот ўғитлари з-ди, тўқимачилик корхонаси, Пули-Хумрида цемент з-ди, тўқимачилик корхонаси, Жалолобод, Балх, Қандаҳорда жун газлама ф-каси, Ақчада чарм пойабзал корхонаси мавжуд. Озиқ-овқат саноати корхоналари деярли барча шаҳарларда жойлашган. Саноат марказлари — Кобул, Мозори Шариф, Қандаҳор, Ҳирот. Афғонистонда гилам-дўзлик яхши ривожланган. Балх, Жаузжон, Фарёб, Бадхиз, Ҳирот, Фарроҳ вилоятларида қўлда гилам тўқилади. Афғонистон четга ҳўл ва қуруқ мевалар, тери ва чарм, қоракўл, пахта, жун, гилам, мойли уруғлар, шифобахш ўтлар, табиий газ чиқаради. Четдан турли машина ва жиҳозлар, нефть маҳсулотлари, шиналар, тўқимачилик моллари, доридармон, тамаки, қанд, чой, буғдой, тайёр кийимлар олади.

Т. й. транспорт иривожланмаган (бундан уз. 11 км бўлган Кушка-Торгунди т. й. истисно). Асосий транспорт тури — автомобиль транспорти. Автомобиль йўлларининг умумий уз. 20 минг км бўлиб, унинг 3 минг км асфальтланган. Транспорт воситаси сифатида от-эшак ҳамда туялардан кенг фойдаланилади. Кобул ва Қандаҳор ш. ларида халқаро аэропортлар мавжуд. Пул бирлиги — афғони.

Маориф, матбуот, тиббий хизмат ва ички ҳаётга тегишли бошқа соҳаларга сўнгги йиллардаги уруш сезиларли таъсир кўрсатган. Шу боис ҳоз. кунда бу соҳаларга оид бирон бир маълумот мавжуд эмас.

Адабиёти. Афғонистон адабиётининг ривожида пушту ва форс-кобулий тилидаги халқ оғзаки ижодининг таъсири катта. 10 — 15 – а. лар мумтоз адабиётининг намояндалари Рудакий, Фирдавсий, Саъдий ва б. шоирлар ижодиётини Эрон, Афғонистон, Тожикистон халқлари ўзларининг умумий адабий мероси деб ҳисоблайдилар. 15-а. да яшаб ижод этган Боязид Ансорий саж (қофияли наср) услубидаги асарларида диний-фалсафий, ижтимоий фикрларини баён этди. Унинг издошлари, «равшаний шоирлар» номи билан машҳур бўлган Давлат Лоҳоний, Мулла Арзоний, Мирзахон Ансорийлар 17-а. да Афғонистон адабиётида ижтимоий ва демократик майлларни тарғиб қилдилар. 17 — 18-а ларца Хупҳолхон Ҳаттак, Абдураҳмон Раҳмонбобо, Абдулҳамид, Абдулқодирхон Ҳаттак, Козимхон Шайдо, Пирмуҳаммад Кокар, Аҳмадшоҳ Дурроний каби забардаст шоирлар етишиб чиқди ва Афғонистон адабиёти ривожида сермаҳсул давр бошланди. Афғонистон адабиётига форс-тожик ва ўзбек адибларидан Умар Хайём, Ҳофиз, Жомий, Хисрав Деҳлавий, Алишер Навоий, Бедил ижоди баракали таъсир ўтказди. 19 – а. да афғонларнинг инглиз босқинчиларига қарши қаҳрамонона кураши Hyp Соҳиб, Нуриддин, Ҳамид Кашмирий каби ёзувчилар ижодида акс эттирилди. Махмуд Тарзий 20 – а. бошларида таниқли маърифатпарвар бўлган. Ўша пайтда Солиҳ Муҳаммад, Ғулом Муҳиддин Афғоний ва б. муҳим ижтимоий муаммолар ҳақида ёздилар. 19 – а. охири — 20 – а. бошларида Пешоварда насрчилик ривожлана бошлади. Мавлавий Аҳмад афғон адабиётида ҳикоянависликка асос солганлардан бири бўлади. У пушту тилида «Одамхон ва Дурхоний» эртаги асосида қисса ва «Афғон ганжинаси» ҳикоялар тўпламини ёзди. Аҳмадшоҳ Ризвоний шеър ва ҳикоялар ижод этди. Афғонистон мустақиллика эришгач (1919), адабиётда маърифатпарварлик мавзуи устун бўлди, ватанпарварлик руҳидаги асарлар дунёга келди. Турли адабий услуб ва йўналишлар бирбири билан қўшила борди. 1937 й. да Кобулдаги «Анжумане адабий», Кандаҳордаги «Пушту» жамиятлари бирлашуви натижасида «Пашту толина» (Афғон академияси) ташкил топди. Академия олимлари пушту тилидаги адабиёт ва санъатни ривожлантириш билан шуғулландилар. 2 – жаҳон урушидан кей-ин тузилган «Бедор ёшлар» ташкилоти аъзолари матбуотда ва адабий асарларда жамиятда жиддий ўзгаришлар қилиш ва мамлакатни оғир иқтисодий аҳволдан қутқариш талабларини илгари сурдилар. Анинг машҳур ёзувчилари: Абдурауф Бенаво, Гул Почо Улфат, Нурмуҳаммад Тараққий, Ғулом Ҳасан Софий, Қиёмиддин Ходим, Садикулла Ришгин, Абдулҳақ Бетоб, Халилулла Халилий.

Меъморлиги ва тасвирни санъати. А ҳудудида мил. ав. 4 — 3 минг йилларда барпо этилган Мундигак манзилгоҳи қолдиқлари сақланиб қолган. ЮнонБақтрия подшоҳдиги даври меъморлиги ва санъатида эллинизм таъсири сезилади. Бақтра яқинида, Бомиён дарёси водийсида 1—8 – а. ларга мансуб будда ибодатхоналари, эҳром ва ҳайкаллари сақланиб қолган. Бомиён мажмуининг энг эътиборли қисми Будданинг қояга ишланган баҳайбат ҳайкалидир. Бу даврда заргарлик, шиша ва металлдан бадиий буюмлар ясаш ҳам ривожланди. Афғонистон ўрта асрлар меъморлиги ва санъатида Эрон ҳамда Туркистон меъморлиги ва санъати билан ўхшашлиги кўп. Ғазнавийлар даври (977 — 1186) даги маҳобатли биноларда айвонлар, пештоклар пайдо бўлди. Истеҳком шаҳарлар, ҳашаматли саройлар, масжидлар, мақбаралар қурилди. 12-а. меъморий обидаларидан Ғазна атрофидаги миноралар алоҳида аҳамиятга эга. Жом яқинидаги миноранинг улуғворлиги, мутаносиблиги, ундаги нафис нақшни меъморлик дурдонаси леса бўлади. Темурийлар ҳукмронлиги даврида қурилиш ишлари авж олди. Шаҳарлар қуриш доирасининг кенглиги, биноларнинг дабдабали шакллари, уларнинг безакдорлиги — бу давр меъморлиги ва санъатининг асосий хусусиятидир. Ҳиротда катта қурилиш ишлари олиб борилди. Жоме масжиди тикланди, шаҳар атрофида боғлар, саройлар қурилди. Масжид, Мадраса, мақбара, минора ва б . дан иборат куркам Мусалло мажмуаси ташкил топди. Балхдаги Хўжа Абу Наср Порсо мақбараси (15-а.) машҳур. 11 — 15-а. ларда амалий-бадиий безак санъати равнақ топди. Металл, ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, гилам тўқиш кенг ривожланди. Ҳирот, Қандаҳорда ишланган патнис, лаган, кўза, шамдон, қаламдон, курол-аслаха, эгар-жабдуклар куркам ва нафис. Ҳиротнинг гиламлари ўзининг кўп ран-гли геометрик ва ўсимликсимон нақшлари билан машҳур. Бу ерда миниатюра санъати жуда ривожланди. Шоҳрух ва унинг ўғли Бойсўнгур ҳомийлигидаги кугубхонада Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Низомийнинг «Хамса», Саъдийнинг «Бўстон» каби мумтоз асарларини Туркистон ва Эрондан келтирилган хаттотлар кўчирди, мусаввирлар безади. Ҳирот миниатюра мактаби расмлари куркамлиги, нафислиги, рангдорлиги ва моҳирона тузилган композицией қурилиши билан ажралиб туради. Ҳиротда Мирак Наққош (Беҳзоднинг устози), Беҳзод каби машҳур мусаввирлар ижод қилдилар. 16 – а. обидалари орасида Бобур мақбараси диққатга сазовор. 18-а. обидаларидан Аҳмадшоҳ Дурроний мақбараси машҳур. Миллий санъатнинг ривожланишида 1921 йда Кобулда ташкил этилган тасвирий, амалий санъат ва ҳунар мактаби катта роль ўйнади. Абдулғофур Брешна ва унинг шогирдлари, Ғавсиддин, Хайр Муҳаммад, Вафо ва б. ижодида манзара, маҳаллий озодлик кураши тарихидан олинган воқеалар, халқ ҳаётини кўрсатувчи лавҳалар катта урин эгаллайди. Портретчи рассом Ҳумоюн Эътимодий ижодида кўпроқ ўрта аср миниатюрачилиги ўрин олган. Афғон халқи амалий санъатининг анъаналари ҳам сақланиб келмоқда.

Театри. 10 — 12-а. ларда Ғазнавий шоҳлар саройида оммавий томошалар қўйиш расм бўлган эди. Халқ орасида айиқбоз, маймунбоз ва қўғирчоқбозлар томоша кўрсатиб келишган. Афғонистон мустақилликка эришгач, ҳаваскорлик театр труппалари пайдо бўлди, кейинроқ Кобулда Европа типидаги биринчи театр очилди. Ички сиёсий зиддият кучайиши натижасида 20 – й. лар охирида театр ёпилди. 1941 й. халқ томошалари бошқармаси ташкил этилди. Кўчма труппалар асосида «Похини ниндоре» (40-й. ларнинг ўрталарида) ва «Ди Кобул ниндоре» (1947) майдонга келди. Кобул театрлари тарихий мавзуда А. Каримийнинг «Ватанга садоқат», Ю. Кўҳзоданинг «Аҳмадшоҳ бобо», замонавий мавзуда А. Брешнанинг «Солиқчи», Г. М. Айюбийнинг «Номаълум одат қурбонлари», А. Бенованинг «Мактабдош дўстлар». А. Ихлоснинг «Акрамхон ва Лаълихон», Р. Латифийнинг «Кумуш шамдонлар» асарларини саҳналаштирди. Афгон халқи орасидан М. А. Равнақ, Бесад, Исир, Машъал, Ҳабиба, Жайла, Раъно сингари актёрлар етишиб чиқди. 19S6 й. Кобулда театр мактаби очилган. Мусиқаси. Афғонистон мусиқаси ранг-баранг тароналарга бой. Халқ мусиқасида бир овозли, байт қўшиқлар кенг тарқалган; чорбайт, ғазал каби анъанавий ва янги шаклдаги жанрлар мавжуд. Афғон ва қашқар рубоблари, дилрабо, дилнавоз ва танбур каби торли созлар кўп. Санъат арбобларидан — созандахонанда Усто Ғулом Ҳусайн ва Усто Мамад Умар, шоир, хонанда-бастакор Ҳофизулла Ҳиёл ва Жамил Залонд, Салим Сармаст ва Фақир Нанголай каби бастакор-меҳтарлар, Хадича Парвин, Ҳамида Рухшона, Қубра Жило, Абдураим Сарбон, Абдуваҳоб Мамадий, Сора Залонд сингари хонандаларнинг номи куп мамлакатларда маълум. 1965 й. мамлакатда биринчи мусиқа мактаби очилди. Кобулдаги Академия биринчи афғон қўшиқлари тўплами («Паштани сандири»)ни нашр этди. Ўзбекистон санъаткорлари Афғонистонда, афғон артистлари (Усто Ғулом Ҳусайн, Ҳофизулла Ҳиёл) Ўзбекистонда кўп марта гастролларда бўлишган. Мамлакатнинг таниқли мусиқачилари орасида Қосим Афғон, Муҳаммадин Зайхейа ва б. бор.

Абдуҳаким Қаюмов.