АФАГИЯ

АФАГИЯ (юн. а — инкор қўшимчаси ва phagos — ейиш) — ривожланишнинг айрим даврларида ва йилнинг ноқулай мавсумида ҳайвонларнинг озиқланмаслиги. Афагия ҳайвон танасида захира озиқ (асосан ёғлар) тўпланганида турли даврларда содир бўлиши мумкин. Мас, дигенетик сўрғичлилар мирацидий личинка, ҳашаротлар ғумбак даврида, ўткинчи балиқлар (лососсимонлар) жинсий вояга етиш ва тухум қўйишта тайёргарлик даврида, кунликлар, кўпчилик капалаклар, булоқчилар вояга етган даврида озиқланмайди. Афагия олдидан кўпинча овқат ҳазм қилиш органларининг регрессив ўзгариши кузатилади. Афагия уйқу, карахтлик ва диапауза билан бирга боради.