АЭРОЗОЛЬ ГЕНЕРАТОРИ — термомеханик ва механик усулларда аэрозоллар ҳосил қилиш ҳамда уларни пуркаш машинаси. Бог, ўрмон ва далаларда қ. х. ўсимликлари зараркунандаларига қарши курашда, шунингдек омборлар ва иссиқхоналар, чорвачилик биноларини дорилашда ишлатилади. Ветеринария амалиётида Аэрозоль генераторидан дезинфекцияловчи, инсектицид ва вакцина аэрозоллари ҳосил қилишда фойдаланилади. Термомеханик усулда иш суюклиги аввал қиздирилади, сўнгра ҳаво оқими уни майда заррачаларга парчалайди. Механик усулда эса иш суюқлиги фақат ҳаво оқими таъсирида парчаланади. Иш вақтида Аэрозоль генератори автомобиль кузови, трактор юк тиркамаси, от арава ва б. да олиб юрилади. Баъзи Аэрозоль генератори пуркагичлгр, чанглатгичлар билан бирга ишлатилади. Заҳарли дори эритмасини аэрозоль мосламаси ёрдамида ҳам пуркаш мумкин. Бунда чанглагич-пуркагичнинг пуркагич қисмига аэрозоль мосламаси ўрнатилади, аппаратда махсус сўрғич орқали сўрилган ҳаво резервуардан дорини эргаштириб, дозаторга ҳайдайди. Дозаторда ҳосил бўлган эмульсия учлик орқали майда заррача ҳолида ўсимликка пуркалади.