АЭРОСУРАТГА ОЛИШ, аэросъёмка — Ер сиртининг бирор қисми тасвирини учиш аппаратлари (самолёт, аэростат, ҳаво шари, ер сунъий йулдоши, ракета ва б.)га ўрнатилган махсус суратга олиш ва қайд қилиш қурилмалари ёрдамида суратга олиш ва қайд қилиш. Аэрофотосуратга олиш ва фотоэлектрон хилларга бўлинади. Аэрофотосуратга олиш энг кенг тарқалган бўлиб, ундан хўжалик ҳамда илмий мақсадларда кенг фойдаланилади. Бу усул одатдаги фотоаппаратдан суратга олиш жараёнининг тўла автоматлаштирилгани, кадрларни катта бичимда олиши, анча тез суратга олиши билан фарқ қилади. Фотоэлектрон Аэросуратга олиш электрон аппаратура ёрдамида объект чиқарадиган ёки қайтарадиган кўринмас электромагнит нурларни қайд қилишга; қабул қилинган нўрни электрон оптик ўзгартиргич билан кўринадиган тасвирга айлантиришга; объектнинг кўринадиган тасвирини ўзгартиргич экранда ҳосил қилишга ва шу тасвирни экрандан фотоплёнкага суратга олишга асосланган. Инфрақизил ва радиолокацион Аэросуратга олиш катта аҳамият касб этади. Аэросуратга олиш топографик хариталар тузишда, геологик қидирувларда, қ. х. ва ўрмон хўжалигида, ҳарбий ишда, муҳандислик-қидирув ишларида қўлланилади.