АЭРОМАГНИТ СУРАТГА ОЛИШ

АЭРОМАГНИТ СУРАТГА ОЛИШ (съёмка) — ер магнит майдонини самолётлар ёрдамида ўрганиш усули. Бу усул аэромагнитометр ихтиро қилингандан (1936) кейин қўлланила бошланди. Кейинчалик темир конларини қидириш, геологик хариталар тузиш ва уларни аниқлашда кенг фойдаланиладиган бўлди. Магнит майдонининг тўлиқ миқдори Аэромагнит суратга олиш вақтида бир-бирига параллел йўналишларда (ўрганилаётган ҳудудни тўла қоплаш йўли б-н) ўлчанади. Аэромагнит суратга олиш натижалари учиш баландлигига боғлиқ: қанча паст училса, шунча майда объектлар аниқланади. Олинган маълумотлар ер магнит майдони кучланишининг вертикал миқдорини кўрсатувчи изочизиқлар харитаси ёки ўлчанаётган миқдорнинг йўналиш (профиль) бўйича ўзгаришини кўрсатувчи жадваллар орқали тасвирланади. Самолётда қисқа вақт ичида жуда катта ҳудудларни ўрганиш мумкин. Бу эса фойдали қазилма конларини топиш ва уларнинг тарқалиш қонуниятларини ўрганишга ёрдам беради. Аэромагнит суратга олишда Ер сунъий йўлдошларидан ҳам фойдаланилади.