АЭРОДИНАМИКА (аэро… ва динамика) — гидроаэродинамиканинг ҳавонинг ҳаракат қонунларини ва жисмлар сиртида вужудга келадиган куч қонуниятларини ҳамда жисмларнинг ҳавога нисбатан ҳаракатини ўрганадиган бўлими. Асосий масалаларидан бири — учиш аппаратларига таъсир этувчи аэродинамик кучларни ҳисоблаш усули б-н уларнинг лойиҳасини ишлаб чиқиш. Авиация ривожланганлиги туфайли Аэродинамика мустақил фан сифатида 20-а. бошларида вужудга келди. Самолёт қанотининг кўтариш кучини, самолёт ва унинг деталлари аэродинамик қаршиликларини ҳаво винтининг тортиш кучини ҳисоблаш усуллари назариясини ишлаб чиқиш ва яратиш талаб қилинади. Қанотнинг кўтариш кучини ҳисоблашга имкон берувчи назарияни 20-а. бошларида Россияда К. Э. Циолковский, Н. Е. Жуковский ва С. А. Чаплигин, Германияда В. Куттой, Англияда Ф. Ланчестер ишлаб чиқишган. Учиш назариясини ишлаб чиқиш билан бир вақтда аэродинамик лабораториялар қурила бошланди. Вужудга келадиган масалаларни ечиш усулига кўра А. назарий ва тажриба А. ларига бўлинади. Назарий Аэродинамикада гидроаэродинамиканинг асосий қонунлари тенгламалар шаклида назарий тахлил қилинади. Тажриба Аэродинамикасида ҳаракатнинг айланиш қонунидан кенг фойдаланилади. Шунга мувофиқ v тезлик билан ҳаракатланаётган жисмга таъсир этувчи куч қўзгалмас қилиб маҳкамланган шу жисмга таъсир этувчи ва шу v тезликда ҳаво оқимини ҳайдовчи кучга тенг бўлади.
Авиация ва ракета техникасининг ривожланиши муносабати билан янги фанлар — гипер товуш тезликлари Аэродинамикаси, сийрак газ А. си ва космик Аэродинамика вужудга келди. Аэродинамика натижаларидан қитъалараро ракеталар, ер сунъий йўлдошлари, космик кемаларни лойиҳалаш ва яратишда, иссиқлик техникаси, кимё саноати ва б. да фойдаланилади.
Саноат А. сида ҳаво ҳайдагичлар, шамол двигателлари, оқимли аппаратлар (эжекторлар), шамоллатиш техникаси (хусусан, ҳаво кондиционери)ни ҳисоблаш билан боғлиқ бўлган, шунингдек ердаги транспортлар (автомобиллар, поездлар) ҳаракатида вужудга келадиган аэродинамик кучлар б-н, бино ва иншоотларга шамолнинг таъсири билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади.