АЧЕ

АЧЕ — Суматра о. (Индонезия) шим. да мавжуд бўлган султонлик (16 – а. боши — 20 – а. боши). Индонезияда ислом динининг тарқалиши марказларидан бири. Аче кучайган даврида (17-а. биринчи ярми) унинг мустақиллигини Суматранинг аксарият хонликлари ва Малайянинг ғарбидаги хонликлар тан олган. Аче мурч савдосига ихтисослашган; кучли флоти бўлган. 16 — 17 – а. бошларида Аче португалияликлар билан муваффақиятли кураш олиб борган. 1641 й. Голландия Малаккани босиб олиб Ачега тобе мулклар ичига кириб бориши билан Аченинг обру-эътибори тушиб кетган. 1873 — 1904 й. ларда Голландия Ачега қарши мустамлакачилик уруши олиб борган. Аче халқи Теуку Умар ва Теунгку Чик ди Тиро ва б. раҳбарлигида босқинчиларга қарши мардона курашганлар. Партизанлик ҳаракати 1913 й. гача давом этган. Индонезия Республикасида Аче — вилоят (1956 й. дан).