АЧЧИҚБОДОМ

АЧЧИҚБОДОМ (Amygdalus buchariса) — раънодошлар оиласига мансуб кичкина дарахт ёки бута. Баландлиги 1,5 м га яқин. Барглари наштарсимон ёки тухумсимон, бўйи 3 — 4, эни 1,5 — 2 см, бир йиллик новдаларида биттадан, эски новдаларида ғуж-ғуж жойлашган. Гуллари икки жинсли, оч бинафша рангли, бўйи 14—19, эни 8—11 мм. Бодомнинг пўсти қалин тук билан қопланган, бўйи 20 — 38 мм. Мағзи аччиқ. Аччиқбодом март — апр. да гуллаб, июнь — июлда мева беради. Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкснт вилоятларининг денгиз сатҳидан 850 — 2500 м баландликдаги адир ва тоғларида, тош ораларида ва сершағал тупроқларда ўсади. Аччиқбодомдан ширин мағизли бодом ва шафтоли етиштиришда пайвандтаг сифатида ва кам сув, шағалли адир ва тоғ қияларини дарахтзор ва мевазорлаштиришда фойдаланилади. Мағзида 50% мой ва 2,5 — 4% гача амигдалин глюкозиди бор, ундан ҳар хил дорилар тайёрланади. Аччиқбодом мойи йўтал, истис-қо, зотилжам ва буйрак касалликларига даво. Маҳаллий аҳоли А. нинг ил-диз пўстидан матоларни сариқ рангга бўяшда ва тери ошлашда фойдаланади.