АЧАМАЙЛИ

АЧАМАЙЛИ (очамайли, очамойли) — уруғ ва қабила номи.

1) Ачамайли қанғли қабиласига мансуб уруғ сифатида қадимдан Ўрта Осиёда яшайди. 2) Қорақалпоқлар таркибидаги қабила, 13 уруғдан ташкил топган. 19-а. нинг ўрталарида Ачамайли кабиласи 790 га яқин хўжаликдан иборат бўлиб, Хива хонлигига ҳар йили суғориш ишларида ишлаш учун 260 дан кўп қазувчи бериш мажбуриятини бажариб келган. Ачамайли номи баъзан этноним ва баъзан топоним сифатида Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё, Хоразм, Самарқанд вилоятларида ва Тожикистоннинг Ўратепа туманида ҳамда бошқа жойларда учраб туради. Қозоқлар таркибида ҳам Ачамайли бор.