АБЗАЛОВ Мелис Орипович

АБЗАЛОВ Мелис Орипович (1938.18.11, Тошкент) — кинорежиссёр ва актёр. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1987). Тошкент давлат санъат ин-тини тугатган (1961). 1961—62 й. лар Ёш томошабинлар театрида актёр. 1962—65 й. лар «Ўзбекфильм» киностудиясида реж. ассистенти, кейинчалик реж. ва актёр, 1989 й. дан «Ватан» киностудиясининг бадиий раҳбари. Абзалов ижодига комедия жанридаги фильмлар яқин бўлиб, улар ўзига хос миллий бўёқларга бойлиги, характерларнинг тўлиқ очилганлиги билан ажралиб туради. Фильмларида енгил лирика ўткир сатирик эпизодлар б-н уйғунлашиб кетади. Абзалов актёр сифатида Абдулла («Еттинчи ўқ»), Оллоёрбой («Инсон қушлар ортидан боради»), Эшон Зайнулло («Қўқон воқеаси»), Қорашоҳ («Арслоннинг саргузаштлари») ва б. образларни яратган. Реж. сифатида «Чинор остидаги дуэль», «Суюнчи», «Келинлар қўзғолони», «Армон», «Майсаранинг иши», «Кўзларим йўлингда», «Ўтган кунлар» каби фильмларни ишлаган.