АБЕРДИН-АНГУС ҚОРАМОЛ ЗОТИ

АБЕРДИН-АНГУС ҚОРАМОЛ ЗОТИ — Шотландияда етиштирилган сергўшт зот. А.-А. қ. з. АҚШ, Янги Зеландия, Буюк Британия, Аргентина ва б. мам-лакатларда боқилади. Бу зот қора тусли, шохсиз, танаси цилиндрсимон, оёқлари калта, бақувват. Сигирларининг тирик вазни 500—550 кг, буқалариники 750—800 кг, баъзан 1000 кг га боради. 15—16 ойлик ахталанган буқачалари 450—460 кг гўшт қилади. Бўрдоқи қилиб сўйилганда 60% гўшт беради. Ўзбекистонда А.-А. қ. з. ни жайдари қорамол зотлари билан чатиштириш ишлари 60 – й. лардан бошланган. Сурхондарё вилояти Узун туманидаги «Боботоғ» ҳамда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги У. Юсупов номидаги хўжаликларда маҳаллий шароитларда бу зот имкониятларини ўрганиш давом эттирилмоқда (1998).