АБДУВАҲОБОВ Абдували Абдусаматович

АБДУВАҲОБОВ Абдували Абдусаматович (1941.11.7, Тошкент) — Ўзбекистон ФА акад. (1995). Кимё фанлари д-ри (1979), проф. (1981). ТошДУни битирган (1965). Ўзбекистон ФА Биоорганик кимё ин-тида лаборатория мудири (1973 й. дан), шу ин-т директори (1987 — 93), Ўзбекистон ФА Кимё-технология ва Ер ҳақидаги фанлар бўлимининг раиси (1992 — 94), вице-президенти (1994-97). Абдуваҳобов физиологик фаол моддаларнинг нозиқ органик синтези, стереокимё, қисқа молекулали биорегуляторлар молекуляр таъсир механизмининг кимёвий моҳияти устида тадқиқотлар ўтказган. Унинг раҳбарлигида ҳашаротларнинг кимёвий экологияси билан боғлиқ изланишлар олиб борилди.