АБДУРАҲМОНБЕГИ

«АБДУРАҲМОНБЕГИ» — кенг тарқалган ўзбек мумтоз ашула йўллари туркуми, Абдураҳмонбек ижрочилик санъати ва ижоди билан боғлиқ. Бузрук мақомининг Савти Сарвиноз шўъбасига оҳангдош. Уч қисм (сарахбор, соқийнома ва уфар усуллари билан ижро этиладиган асарлар)дан иборат. Ҳожи Абдулазиз Расулов, Юнус Ражабий «Абдураҳмонбеги» йўлларини мукаммал ўзлаштириб, айнан шу услуб йўналишида куйлар яратишган. «Абдураҳмонбеги»нинг турли йўллари «Ўзбек халқ мусиқаси» тўпламининг 1-, 2 – ва 4 – жилдларида нашр этилган: «Абдураҳмонбеги» ва «Уфари Абдураҳмонбеги» (Муқимий ғазаллари), «Абдураҳмонбеги» (Муқимий) ва «Савти Абдураҳмонбеги» (Фурқат), «Абдураҳмонбеги». Буларга тақлидан яратилган ашула ва чолғу йўллари ҳам маълум.