АБДУРАҲИМ ТОШТАРОШ

АБДУРАҲИМ ТОШТАРОШ, асли Турдиев Абдураҳим (1870 — Нурота тумани Ғозғон қишлоғи — 1938) — машҳур тоштарош, халқ устаси, меъмор. Тошдан ажойиб ҳайкаллар ясаган. Бухородаги Ситораи Моҳи Хоса саройидаги икки шер ҳайкали бу моҳир тоштарош санъатининг нодир намунасидир. Карманадаги Султонобод-Олчин боғини безашда, сўнгра Ситораи Моҳи Хоса саройи қурилишида иштирок этган. Ғозғондаги Шоҳимардон мармар масжиди (1913), Деҳбаланд қишлоғидаги масжидни қурган. Бухоро, Тошкентдаги катта бинокорлик ишларида (жумладан ҳоз. Ўзбекистон ФА Президиуми биноси) ва б. ни безашда фаол қатнашган. Мармардан уй-рўзғор буюмлари, ҳайкаллар (балиқ, тимсоҳ ва б.) яратган.