АБДУЛМАЛИК

АБДУЛМАЛИК (646/647-705) – умавийларта мансуб халифа (685—705). Абдулмалик 685—692 й. ларда Маккада Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Ирокда унинг тарафдорларини, 689—702 й. ларда Дамашқда Амр ибн Сайд ал-Ашдақ ва Эронда Абдураҳмон ибн ал-Ашъасни, шунингдек хорижийларнинг Ирокдаги чиқишлари (692—97) ни бостирган; халифаликдаги ички тарқоқликка барҳам бериб, марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаган; молия ва солиқ ислоҳотлари ўтказган; девон ва идораларда юнон, ўрта форс тиллари ўрнига араб тилида иш юритишни жорий этган; Византия ва сосонийлар тангаларини бекор қилиб, арабча ёзувли олтин ва кумуш тангалар зарб қилдирган, барийд (почта) ишини йўлга қўйган.