АБДУЛМАЛИК

АБДУЛМАЛИК (Катта тўра) (1848 — 1909, ҳоз. Покистоннинг Пешовар ш. да вафот этган) — Кармана, сўнг Ҳузор (Ғузор) беклиги беки (1860—68). Бухоро амири Музаффарнинг катта ўғли. 1868 й. ёзида амир Музаффар бошчилигидаги Бухоро қўшинлари рус қўшинидан енгилгач, бу ҳолдан норози бўлган руҳонийлар, ҳукмрон ҳарбий мулкдор табақа ва фуқаролар Абдулмалик атрофига тўплана бошладилар ва Шаҳрисабзда уни амир деб эълон қилдилар. Амир Музаффар ўғлига қарши қўшин тортди, бироқ зарбага учради ва рус маъмурларидан ҳарбий ёрдам сўрашга шошилди. Абрамов бошчилигидаги рус қўшинлари 1868 й. 23 окт. да Абдулмаликдан тортиб олиб, амир Музаффарга топширди. Абдулмалик атроф-теваракдан куч тўплашга киришган, хусусан Хива хони Муҳаммад Раҳимдан мадад истаб борган, сўнгра Ҳисор вилоятидан ва туркманлардан қўшин тўплаб, Қаршини отасидан тортиб олди. 1870 й. генерал Абрамов қўшинлари Абдулмаликнинг кучларини тор-мор келтириб, Шаҳрисабз, Китоб ва Қаршини амир Музаффарга қайта олиб берди. А. Афғонистонга, сўнг Қашқарга (1873) ўтди. Қашқар Хитой томонидан босиб олингач, А. Ҳиндистондан паноҳ топди.