АБДУЛЛО МИРЗО

АБДУЛЛО МИРЗО (1433-1451) — Мовароуннаҳр ҳукмдори (1450—51). Темурийлардан. Улуғбекнинг укаси Иброҳим Мирзонинг кенжа ўғли. Отаси вафотидан сўнг, Форс вилоятига ҳоким қилиб тайинланган. Бироқ у ҳали ёш бўлгани сабабли давлат ишларини онаси Руқия бегим билан отабек Шамсуддин Шерозий бошқарган. 1447 й. амакиваччаси Султон Муҳаммад Мирзо Форс вилоятини босиб олгач, Ҳиротга қочиб келган. 1448 й. эса амакиси Улуғбекнинг хизматига кириб, унинг қизига уйланган. Абдуллатифдан кейин Мовароуннахр тахтига ўтирган. Аммо тожу тахт даъвогари Султон Абу Сайд Мирзога қарши жангда ҳалок бўлган.