АБДУЛЛАХОН БАНДИ

АБДУЛЛАХОН БАНДИ — 16-а нинг 80-й. ларида Бухоро ҳукмдори Абдуллахон II қурдирган қад. сув омбори. Бу иншоот қолдиқлари Нурота тумани марказидан 65 км шарқда, Эски Окчоб қишлоғи яқинидаги Бекларсой дарасида ҳозиргача сақланган. 1957 — 62 й. ларда Ўзбекистон ФА Тарих ва археология ин-ти олимлари томонидан ўрганилган. Абдуллахон бандининг тўгони сланец тошлардан курилиб, тош палахсалари сувга чидамли махсус ганч коришмаси — қир билан бириктирилган. Тўғоннинг уз. асосида 73 м, юқорисида 85 м, бал. 14,5 м. Бунда сув босими ҳамда унинг ағдарувчи кучи ҳисобга олинган ҳолда тўғон асосининг қалинлиги 15,3 м, устки қисми 4,5 м қилиниб зинапоя шаклида қурилган. Тўғон олдида ҳосил бўлган сув омборининг уз. 1,5 км, эни 75 — 125 м. А. б. га тахм. 1,2 млн. кубометр сув тўпланган. Иншоотдан қуйида жойлашган Камар, Оқчоб, Ўрганжий, Равот, Жилонтамгали ва Сойкечар қишлоқлари атрофи суғорилиб обод этилган. 16-а. да ана шу қишлоқлар ҳудудида тахм. 1,2 минг га ер майдони ўзлаштирилган. Ад.:Ҳофиз Таниш Мирмуҳаммад Бухорий, Абдулланома, ЎзФАШИ, қўлёзма, инв. № 2207; Мирза Салимбек, Тарихи Салимий, ЎзФАШИ, қўлёзма, инв. № 2016; Муҳаммаджонов А., Ўзбекистоннинг қадимги гидротехника иншоотлари, Т., 1997.