АБДУЛЛАНОМА

«АБДУЛЛАНОМА», «Шарафномаи шоҳий» — Мовароуннаҳрнинг 16-а. даги тарихига бағишланган тарихий асар. Ҳофиз Таниш Бухорий томонидан 1584 — 90 й. лар оралиғида форс тилида ёзилган. Асар Бухоро ҳукмдори Абдуллахон 11га бағишланиб, «Шарафномаи шо-ҳий» ва қисқартирилган айрим нусхалари «Зафарномаи Абдуллахон» номлари билан ҳам аталади. «Абдулланома» назм аралаш кофияланган наср билан ёзилган. «Абдулланома» муқаддима, икки мақола (қисм) ва хотималардан иборат. Аммо асарнинг охирги қисми ёзиб тугатилгани маълум эмас. Асар муқаддимасида Абдуллахоннинг ҳокимиятга келгунига қадар Мовароуннаҳрда юз берган сиёсий воқеалар — Чингизхоннинг истилоси ва мўғуллар ҳукмронлиги, Дашти Қипчоқда Абулхайрхон давлати (1428 — 68)нинг барпо бўлиши, Шайбонийхон (1451 — 1510)нинг Хуросонга юришлари, шайбонийлар билан Заҳириддин Бобур ўртасидаги ҳарбий тўкнашувлар ҳамда Абдуллахоннинг насли ва насаби тўғрисида ҳикоя қилинади. «Абдулланома» нинг асосий қисмида Шайбонийхондан сўнг Мовароуннаҳрдаги сиёсий вазият, унинг бир қанча майда ҳокимликларга бўлиниб кетиши, Абдуллахоннинг марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш ва мамлакатни сиёсий жиҳатдан бирлаштиришга қаратилган ҳаракатлари, унинг Дашти Қипчоқ ва Хуросонга юришлари, 16-а. нинг 80 — 90-й. ларида Бухоро, Хоразм ва Бадахшондаги сиёсий вазият ҳамда Хоразм билан Бадахшоннинг Бухоро хонлигига қўшиб олиниши каби тарихий воқеалар баён этилади. Асарда 16-а. да Мовароуннаҳр билан Туркия, Ҳиндистон ва Эрон ўртасидаги муносабатларга ҳамда Россия билан савдо алоқаларига оид маълумотлар бор. Унда 16-а. да Бухоро хонлиги қўшинларининг тузилиши, ҳарбий тактикаси, қурол-яроғлари ҳамда Мовароуннаҳрда, шу жумладан Бухорода қурилган меъморчилик обидалари ва сув иншоотлари тўғрисидаги маълумотлар келтирилади. «Абдулланома»да Мовароуннаҳр халқларининг этник таркиби, жумладан қанғли, ҳипчоқ, қорлиқ, халаж, оғажири, урёнқит, қўнғирот, орлот, уйғур, сулдуз, баёвут, дўрмон ва б. қавмларнинг келиб чиқиши ва уларнинг урф-одатлари тўғрисида маълумотлар бор. «Абдулланома»ни ёзишда Хофиз Таниш Наршахийнинг «Бухоро тарихи», Рашидуддиннинг «Жоме ат-таворих», Жувайнийннж «Тарихи жаҳон кушой», Мирхонднинг «Равзат ус-сафо», Шарафуддин Али Яздийнинг «Муқаддимаи Зафарнома», Кошифийнинг «Рашаҳот айн ал-ҳаёт», Мирзо Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий» ва б. тарихий асарлардан фойдаланган бўлсада, аммо асарнинг асосий қисми 16-а. да содир бўлган кўпгина тарихий воқеаларни ўз кўзи билан кўрган шоҳидлардан тўпланган материаллар асосида ёзилган. Бу асар Мовароуннаҳр халқларининг 16-а. даги сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётини ўрганишда биринчи даражали манбалардан ҳисобланади. «Абдулланома»ни 1942 — 51 й. ларда ўзбек шарқшунос олими С. Мирзаев (1885 — 1961) ўзбек тилига таржима қилди. Б. Аҳмедов уни тўддириб ва тузатиб қайта нашр этди (1999-2000).

Ад: Ҳофиз Таниш ибн Мирмуҳаммад Бухорий, Абдулланома, 1-жилд, Т., 1966; 2-жилд, Т., 1969; [акад. Б. Аҳмедов қайтатайёрлаган], 1-жилд, Т., 1999; 2-жилд, Т., 2000; Умняков И. И., «Абдулланаме» Хафиза Таниша и её исследователи, Записки коллегии востоковедов при Азиатском музее Российской Академии наук, т. 5, Л., 1930; Аҳмедов Б., Муниров К,., Ҳофиз Таниш Бухорий, Т., 1963.