АБДУЛЛАЕВА Яйра Умаровна

АБДУЛЛАЕВА Яйра Умаровна (1930.14.8, Андижон) — Ўзбекистон халқ артисти (1964). Лизахоним Петросованинг қизи. Тошкент санъат ин-тини тугатган (1950). Ижоди Г. Раҳимова раҳбарлигидаги фронт концерт бригадасида бошланган (1945). 1950 й. дан Ҳамза театрида. Ҳафиза (А. Қаҳҳор, «Шоҳи сўзана»), Гули (Уйғун, И. Султон, «Алишер Навоий»), Катерина (А. Островский, «Момақалдироқ»), Гулбаҳор (Ҳамза, «Бой ила хизматчи»), Гулнор (Ойбек, «Қутлуғ қон»), Турғуной (И. Султон, «Номаълум киши»), Хемнолини (Р. Тагор асари асосида, «Ганг дарёсининг қизи») каби образларида турли тоифадаги хотин-қизлар ҳаёти, уларнинг қисмати, жасорати ва олижаноблигини мужассамлантирди. Кей (М. Каору, «Ўғирланган умр») образи Абдуллаева ижодининг чўққиси бўлиб, у япон аёлининг машаққатли ҳаёт йўлини, тақдирини психологик теранлик ва изчиллик билан очиб берди. Регана (У. Шекспир, «Қирол Лир»), Мария Стюарт (Ф. Шиллер, «Мария Стюарт») образлари билан психологик ва фожиавий роллар устаси сифатида танилди. Абдуллаева овоз, имоишора, киноя ва б. ифода воситаларидан усталик билан фойдаланади. Нодирабегим (Т. Тўла, «Нодирабегим») образи Абдуллаева ижросида улуғвор, олижаноб малика ва оташин ижодкор сифатида намоён бўлди.

Абдуллаеванинг кинодаги асосий роллари: Гулбаҳор («Бой ила хизматчи»), Дилдор («Опасингил Раҳмоновалар»), Раъно («Стадионда учрашамиз»), Саодат («Ҳамза»), Хатира («Виждон амри билан») ва б. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1967). «Дўстлик» ордени билан тақдирланган (1998).