АБДУЛЛАЕВ Лутфулла Абдуллаевич

АБДУЛЛАЕВ Лутфулла Абдуллаевич (1912.25.10, Мирзачўл – 2000.2.10, Тошкент) — рангтасвир устаси, Ўзбекистон халқ рассоми (1950). Самарқанд бадиий билим юртида таълим олган (1930 — 35). Тошкент бадиий билим юртида ўқитувчи (1935 — 37). Абдуллаев асарлари долзарб, мазмунли, ғоявий ва мураккаб сюжетли, жонли ва ёрқин образларга бой. «Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов портрети» (1938), «Қаҳрамонни кутиб олиш» (1947), «Дўстларнинг учрашуви» (1961) ва б. Ҳажвий карикатуралари «Муштум» жур. да мунтазам босилган. 15 дан ортиқ китобларни бадиий безади: А. Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» тарихий романи (1961, рус тилида), Ойбекнинг «Болалик» (1963), F. Ғуломнинг «Шум бола» (1964) қиссалари ва б. «Осиё устида бўрон», «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён» ва б. фильмларга либослар эскизларини тайёрлади. Ўзбекистон табиати акс этган манзаралар, агитплакатлар (айниқса 2-жаҳон уруши йилларида), портретлар («Навоий номидаги театр қурилишида», 40-й. лар, «Менинг замондошларим — адабиёт ва санъат арбоблари» — гуруҳ портретлари, 1989) ҳам яратди. Асарлари халқаро кўргазмаларда намойиш этилган. А. Қодирий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1995). «Элюрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (1999).