АБДУЛЛАЕВ Ҳабиб Муҳамедович

АБДУЛЛАЕВ Ҳабиб Муҳамедович (1912.31.8, Ўш ш. — 1962.20.6, Тошкент) — геолог олим, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон ФА акад. (1947), геол.-минералогия фанлари д-ри (1946). Ўрта Осиё индустрия ин-тининг кончилик ф-тини тугатгач (1935), геол.-разведка партияси бошлиғи. Кейинроқ Ўзбекистондаги Лангар вольфрам-молибден конининг геологик тузилиши, минерал таркиби ва ҳосил бўлишини тадқиқ қилди. 1940 й. дан Ўрта Осиё индустрия ин-тининг фойдали қазилмалар кафедрасида доцент, сўнгра шу ин-тда директор, 1942 й. дан Ўзбекистон ҳукумати раисининг ўринбосари, 1944 й. дан айни вақтда Давлат план комиссияси раиси. 1946 й. «Ўрта Осиёнинг шеелитли скарнлари геологияси» мавзуида д-рлик диссертациясини ёқлади ва бу асар 1947 й. да нашр этилди.

Абдуллаев 1947 й. дан Ўзбекистон ФА вицепрезиденти. Айни вақтда Геология ин-ти директори ҳамда унинг Петрология ва металлогения бўлими раҳбари. Абдуллаев 1952 — 55 й. ларда Ўзбекистон ФА техника ва геол.-кимё фанлари бўлимининг раиси, 1955—56 й. ларда Ўзбекистон ҳукумати раисининг ўринбосари ва 1956 й. дан Ўзбекистон ФА президенти. Абдуллаев 1959 й. да руда пайдо бўлишининг гранитоид интрузиялар билан генетик боғлиқлиги соҳасидаги илмий иши учун юксак мукофот билан тақдирланган. У эндоген руда ҳосил бўлиши назариясини ривожлантирди. 130 дан ортиқ илмий асар (жумладан, 7 монография) ёзган. Абдуллаев Тошкент ва Москвада нашр этилган кўпгина мўътабар илмий журналлар, тўпламлар, илмий-оммабоп нашрларнинг масъул муҳаррири, таҳрир ҳайъати аъзоси эди, жумладан Ўрта Осиёда биринчи — «Ўзбекистон геология журнали»ни ташкил қилди ва унинг масъул муҳаррири бўлди.

Абдуллаев вольфрам, қалай, рангли ва қора металлар руда конларининг турли йўллар б-н ҳосил бўлганлигини кўрсатиб берди. Абдуллаев руда пайдо бўлиш жараёнларини магматизм ҳамда бу жараёнлар рўй берадиган геологик муҳит таъсири билан чамбарчас боғлиқ эканлигини аниқлади. Унинг бевосита иштироки ва раҳбарлигида «Чатқол-Қурама тоғлари магматизми ва металлогениясининг асосий хусусиятлари» монографияси яратилди (1957), «Ўрта Осиё магматизми ва рудаланиш жараёни» асари нашр этилди (1960).

Абдуллаевнинг сўнгги туркум ишларидан бири «Рудапетрография провинциялари ва уларни таснифлаш масалалари» (1961) бўлди. Жаҳондаги барча йирик руда конлари шаклланиш хусусиятларига бағишланган «Металлогения — фойдали қазил-ма конларини қидириб топишнинг геологик асоси» монографияси учун 1970 й. да (вафотидан кейин) Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти берилган.

Абдуллаевнинг геол. га оид назарий фикрлари амалиётда тасдиқланди. У биринчи бўлиб Ўрта Осиёни алоҳида металлогеник махсус провинция сифатида ажратди. Скарнлар тузилиши, руда учрайдиган ва руда ҳосил бўладиган скарнлар мавжудлиги қайд этилди. Абдуллаевнинг рудаларнинг гранитоид интрузиялар билан боғлиқ равишда ҳосил бўлишига доир асарлари илмий мунозарага сабаб бўлди. Асарларда конларнинг интрузиялардан узоқяқинлигига қараб таснифланганлиги Элшонснинг мавҳум батолит концепциясидан тубдан фарқ қилади. А. Ўрта Осиёга доир тадқиқотларини таҳлил қилиб, кичик интрузиялар ўчоғи билан рудали жинсларнинг умумийлигини ҳамда магматизм босқичлари билан боғлиқ бўлган руда ҳосил бўлиш жараёнларининг такрорланиб туришини кўрсатиб берди. Абдуллаевнинг сўнгги асарларида айрим жойларда муайян типдаги магматизм ҳодисалари рўй бериши ва рудалар ҳосил бўлиши муаммолари ўрганилган.

Абдуллаевнинг «Ўрта Осиёнинг металлогеник очерки» (1949), «Рудаланишнинг гранитоид интрузиялар билан генетик боғлиқлиги» (1954 — 57), «Дайкалар ва рудаланиш» (1957), «Руда-петрографик провинциялари ва уларни таснифлаш масалалари» (1961) каби асарлари жаҳонга машҳур бўлди. «Рудаланишни гранитоид интрузивлар билан генетик боғлиқлиги» асари хорижий олимлар таклифи билан немис, инглиз ва хитой тилларига таржима қилинган.

Абдуллаев регионал кенгашлар, Халқаро геология конгрессининг, бир неча сессияларнинг фаол ташкилотчиси, қатнашчиси, кенгаш тўпламларининг муҳар-рири бўлган. Абдуллаев бир неча чет эл геол. жамиятлари аъзоси эди. Ўзбекистон Республикаси миқёсидаги кўпгина илмий ва илмийтехника жамиятларига, қўмиталарига бошчилик қилган. Асарлари ўзбек ва рус тилларида нашр этилган. Булар орасида Ўзбекистонда фан, илмий-техника, иқтисодиёт ва маданият равнақига бағишланганлари анчагина.

А. Ўзбекистондагина эмас, балки бутун Ўрта Осиёдаги геологик и. ч. да, илмий муассасалар ва олий ўқув юртларида ишлайдиган катта жамоани бирлаштирган илмий мактабнинг ташкилотчиси ва раҳбари бўлди. Илмий мактаб олимлари Тяньшан тогларидаги жинслар асосида петрология ва металлогения масалаларини ҳал қилиш соҳасида биргаликда иш олиб бордилар. А. Ўзбекистонда иқтидорли ёшлардан фаннинг турли соҳаларида, жумладан геол. бўйича миллий кадрлар тайёрлашга катта ҳисса қўшди. Абдуллаев раҳбарлигида 7 киши докторлик, 28 киши номзодлик диссертациясини ёқлади.

А. ТошПИ (ҳоз. ТошТУ) геол.-разведка фтида геол. олий ўқув юртлари орасида биринчи бўлиб Петрология ва металлогения кафедрасини ташкил этди ва унга раҳбарлик қилди. Уруш даврида Абдуллаев ҳукумат аъзоси ва геолог олим сифатида фронт ва фронт ичкарисини зарур ресурслар билан таъминлаш ва стратегик аҳамиятдаги қазилма бойликлар қидириш ва ишга солишда катта ишларни амалга оширди.

Абдуллаев 1950 й. дан умрининг охиригача минералогия жамияти Ўзбекистон бўлимини бошқарди. 1960 й. дан Франция геол. ва Буюк Британия Қироллик минералогия жамиятларининг аъзоси. Танланган асарларидан 7 жилди нашр этилган (1964 — 69). Абдуллаевнинг ҳаёти ва илмий ҳамда жамоатчилик фаолияти ҳақида бир қанча олимлар муаллифлигида «Эсдаликлар» чиқарилган. Ўзбекистон ФА Геология ва геофизика ин-тига ва Тошкент ш. даги катта кўчалардан бирига, Акмал Икромов туманидаги маҳаллага, Тошкент метроси ст-яларидан бирига, 193-мактабга, Улуғбек шаҳарчасида кўча ва б. объектларга Абдуллаев номи берилган. Геол. ва геофизика ин-ти биносига, ТошТУ геологияразведка ф-ти биносига ёдгорлик тахтаси ўрнатилган. Ҳ. М. Абдуллаев номида «Олтин медаль» таъсис этилган (1992). Уш ш. даги катта кўчалардан бири, Абдуллаев туғилиб ўсган Аравондаги мактаб ва кўча ҳам Абдуллаев номи билан аталган. Геол. ва геофизика ин-ти қошида Абдуллаев ҳаёти ва ижодига бағишланган музей ташкил қилинган. А. Тошкентдаги Чиғатой қабристонига дафн қилинган. Қабри устига мармар бюст қўйилган (ҳайкалтарош Е. В. Вучетич).

Ас: Собрание сочинений, т. 1 — 7, Т., 1964 – 69.

Ад.: Қаҳҳоров Абдуллаев, Ғаффорова М., Академик Ҳабиб Абдуллаев, Т., 1981; Бекназаров В. Г., Агеев Абдуллаев И, Хабиб Мухамедович Абдуллаев, Биобиблиография, в кн.: Абдуллаев Х-М., Соч., т. 5, с.347-366. Тўлқин Шоёқубов.