АБДУЛЛАЕВ Абдулҳақ Оқсоқолович

АБДУЛЛАЕВ Абдулҳақ Оқсоқолович (1918.30.12, Туркистон ш.) — рангтасвир устаси. Ўзбекистон халқ рассоми (1968), Ўзбекистон БА фахрий аъзоси (1997). Самарқанд бадиий билим юртида (1931 — 36) ва Москва бадиий ин-тида (1938 — 41) таълим олган. Ижодини манзара ва портретлар чизиш билан бошлаган («Ҳовуз бўйида», 1932; «Ёз», 1937; «Дўстим портрети», 1937). Кишиларнинг ҳолат ва кайфияти, маънавий, ёркин қиёфалари моҳирона ифодаланган портретлари билан машҳур: «Аброр Ҳидоятов Отелло ролида» (1946), «Маннон Уйғур» (1946), «Ойбек» (1949), «Назарали Ниёзов» (1949), «Жиян Шахло» (1959), «Комил Яшин» (1960), «Навоий» (1973), «Ё. Тўрақулов» (1975), «О. Содиқов» (1978) ва б. ; шунингдек руҳий дунёси ва кечинмалари ифодали тасвирланган («Муаллиф портрети», 1937; «Муаллифнинг қирғиз қалпок кийган портрети», 1980; «Муаллифнинг 15-а. кийимидаги портрети, 1984 ва б.) бир қатор автопортретлар ҳам яратди. Манзаралар («Ёмғирдан сўнг», 1954; «Баҳор келди», 1955; «Хумсонда», 1961 ва б.), натюрмортлар («Олма», 1962; «Узум ва шафтоли», «Қовун билан хандалак», 80-й. лар ва б.) муаллифи. 1957 й. Ҳиндистон сафари таассуротлари асосида бу ўлка манзаралари («Тонгда Тожмаҳал»), кишилари (И. Ганди, С. Кетчлу)ни этюд ва картиналарида акс эттирган. 80-й. ларда Ўзбекистоннинг машҳур кишиларининг портретларини ишлади. Асарлари халқаро кўргазмаларда намойиш килинган.

Навоий портретини яратиш устида изланишлар маҳсули сифатида юзага келган асарлари Тошкентдаги Адабиёт музейида (1968), Андижон адабиёт ва санъат музейида (1969), Ўзбекистон санъат музейида (1980—84) ва б. жойларда сақланади. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1977). «Элюрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган (1998).

Ад.: Абдуллаев: Альбом репродукций, Т., 1983.