АБДУЛЛАЕВ

АБДУЛЛАЕВ Саъдулла (1945.12.5, Тошкент) — рассом, Ўзбекистон БА ҳақиқий аъзоси (1997). П. Беньков номидаги Республика рассомлик билим юрти (1961—66) ва Ленинград (ҳоз. СанктПетербург)даги И. Репин номидаги рассомлик, ҳайкалтарошлик ва меъморлик ин-ти (1967—73)да таълим олган. 1973 й. дан М. Уйгур номидаги Санъат ин-тида педагог, 1997 й. дан Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн ин-тида доцент. Ижодини театр декорацияси соҳасида бошлаган. Абдуллаев Навоий театрининг «Сўғдиёна қоплони», «Лайли ва Мажнун» спектаклларига саҳна безаклари учун андазалар тайёрлаган.

Абдуллаев рангтасвирда самарали ижод қилади: ёшлар ҳаёти ва кундалик фаолияти, руҳияти аниқ тасвирланган («Тошкентим» учлиги — триптихи: «Анҳор бўйида», «Ёш оналар», «Фавворалар» ва б.) ҳамда ўзбекона миллий руҳ билан суғорилган («Оилам», «Бувам эртаклари», 1985 ва б.) асарлар, портретлар («Толиба», «Ҳусноро портрета» ва б.), манзаралар («Театр майдони тонг отарда», «Театр майдони», «Театр майдони оқшом пайтида» ва б.) муаллифидир. Абдуллаев ижодида тарихий мавзу алоҳида ўрин тутади: «Навоий ва Ҳусайн Бойқаро» (1988), «Навоийнинг Самарқанддан қайтиши» (1989), «Самарқанд баҳори» иккилиги (диптихи, 1992), «Амир Темур Бибихоним масжиди қурилишини кузатмоқда» (1993), «Амир Темурнинг дафн этилиши» (1996) ва б.