АБДУЛЛАБЕКОВ Қаҳҳорбек Носирбекович

АБДУЛЛАБЕКОВ Қаҳҳорбек Носирбекович (1942, Тошкент) — геофизик олим, Ўзбекистон ФА акад. (2000), физика-мат, фанлари д-ри (1988), проф. (1991). Тошкент политехника ин-тини тугатган (1963). Ўзбекистон ФА Сейсмология ин-тида катта илмий ходим (1974 й. дан), лаб. бошлиғи (1977 й. дан), 1989 й. дан директор. Асосий илмий ишлари зилзила хавфини аниқлаш, геофизик усуллар мажмуи ёрдамида зилзилаларни олдиндан айтиш муаммоларига доир. Абдуллабеков электромагнит зилзила даракчиларининг намоён бўлиш қонуниятларини аниқлаган, зилзилаларни олдиндан айтишнинг уч янги усулини ихтиро қилган ва фанда илгари номаълум бўлган зилзиладан олдин Ер қобиғидан кучли электромагнит тўлқинлари ажралиб чиқишини аниқлаган, баъзи кучли зилзилаларнинг юз бериш жойи, кучи ва вақтини (бошқа олимлар билан ҳамкорликда) олдиндан айтиб берган.

Ас: Электромагнитные явления в земной коре, Т., 1989.