АБДУЛЛА ТЎҚАЙ

АБДУЛЛА ТЎҚАЙ (тахаллуси; асл исми Тўқаев Габдулла Муҳаммадгарифович) (1886.14.4, Қозон губерняси Қушлович қишлоғи (Арча тумани) — 1913.2.4, Қозон) — татар шоири, публицист. 1902 й. дан шеърлар ёза бошлаган. 1905 й. ҳарф терувчи бўлиб ишлаган. «Фикер» (Фикр) газ. ва «Ал-аср ал-жадид» («Янги аср») жур. га шеър, фельетон ва публицистик мақолалар ёзиб турган. Абдулла Тўқай 1907 й. Г. Камолов билан ҳамкорликда «Яшен» сатирик жур. чиқаради. 1910 й. «Ялт-йолт» жур. да ишлайди. Татар халқининг озодлик учун кураши «Озодлик ҳақида», «Текинхўрларга», «Дунё бу», «Кетмаймиз», «Товуш», «Турмуш» каби шеърлари, «Маҳораба ва давлат думаси» мақоласи ва б. да ёрқин акс этган. Абдулла Тўқай татар адабиётида танқидий реализмга, болалар адабиётига асос солди. Замонавий татар адабий тилини яратувчилардан бири бўлди. Тараққиётга тўсқинлик қилувчи эскилик сарқитларига, мутаассибликка қарши кураш, илғор маърифатпарварлик ғояларини илгари суриш шоир ижодининг муҳим мавзуларидир. Абдулла Тўқай татар шеъриятининг ғоя ва мазмунигагина эмас, шакли, ифода воситаларига ҳам янгиликларни жорий қилди. Хусусан, унинг халқ оҳанглари ва қўшиқларига мослаб ёзган шеърларининг руҳи Туркистондаги миллий, ижтимоий уйғонишга ҳамоҳанг бўлди. Абдулла Тўқай шеърлари дастлаб 1913 й. да ўзбек тилига таржима қилиниб, дарсликларга киритилган («Тувгон тил» — Авлоний, «Туркий гулистон», Т., 1913 ва б.). Татаристонда Абдулла Тўқай номидаги республика давлат мукофоти таъсис этилган (1966). Тошкентдаги кўчалардан бирига Абдулла Тўқай номи берилган.

Ас: Танланган асарлар, Т., 1961. Ад.: Нуруллин И. 3., Абдулла Тўқай (Адабий портрет), Т., 1985.