АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ — ЎзРнинг бадиий ижод соҳасидаги илк олий мукофоти. 1991 й. 6 фев. да таъсис этилган. Ушбу мукофотнинг таъсис этилиши мустақиллик йўлида жонини фидо этган ўзбек адибининг хотирасини тиклабгина қолмай, миллат ғурури, шаъни, маънавияти учун курашган аждодларга нисбатан кўрсатилаётган халқ эҳтиромининг намунаси бўлди. Бу мукофот адабиёт, санъат ва меъморлик соҳасида яратилган, миллий истиқлол ғояларини ёрқин бадиий шаклларда акс эттирган, Ўзбекистоннинг буюк тарихини ва ҳоз. юксалиш жараёнларини ҳаққоний образлар орқали гавдалантирган ва кенг жамоатчилик томонидан тан олинган етук асарлар учун берилади. Мукофотга сўнгги турт йил мобайнида яратилган, эълон қилинган, алоҳида китоб шаклида нашр этилган, кўргазмага қўйилган, мамлакатимизда оммавий равишда нашр ва ижро этилган адабиёт, мусиқа, театр-саҳна, кинематография, телевидение асарлари куриб чиқиш учун қабул қилинади. Бу мукофотга тақдим этиш тўғрисидаги қарорлар вазирликлар, давлат қўмиталари, ижодий уюшмалар, республика ва халқаро жамоат ташкилотлари раҳбар органлари томонидан қабул қилинади. ЎзРнинг бошқа Давлат мукофотига илгари сазовор булган асарлар бу мукофотга тавсия этилмайди. Бир мукофотга талабгорлар сони 3 кишидан ошмаслиги лозим. Мукофотга сазовор булган ижодкорларга ёрлиқ ва фахрий нишон топширилади. Абдулла Қодирий номидаги учта Давлат мукофотининг ҳар бири 80 та энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида белгиланган. Мукофот пули муаллифлар жамоаси ўртасида (агар улар бир ижодкордан кўп бўлса) тенг улушларда тақсимланади. ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 1996 й. 13 фев. қарори б-н мукофотни бериш тартиби такомиллаштирилди. 1997 й. дан ЎзР Президентининг фармони б-н, хар уч йилда бир марта Мустақиллик байрами арафасида бериладиган бўлди. Бу мукофотга илк бор (1994) ёзувчи Тоғай Мурод (Тоғай Менторов), ҳайкалтарошлар Илҳом Жабборов ва Камол Жабборов, рассомлар Лутфулла Абдуллаев, Алишер Мирзаев сазовор булганлар.