АБДУЛЛА НУРАЛИ ЎҒЛИ

АБДУЛЛА НУРАЛИ ЎҒЛИ (1874 – Китоб тумани Қайнар қишлоғи — 1957) — бахши-шоир. Ўзбекистон халқ достончиси (1938). Ёшлигиданоқ чўпонлардан дўмбира чертишни ўрганган. 19-а. 2 – ярми ва 20 – а. бошларида яшаган Шахрисабз достончилик мактабининг йирик вакили Ражаб шоирга шогирд тушди. Ундан достончилик йўлларини ўрганди ва 25 ёшида мустақил достончи бўлиб етишди. 1937 й. да Москвада ўтказилган ўзбек адабиёти декадасига ва 1938 й. да Тошкентда бўлиб ўтган халқ ижодчилари олимпиадасига қатнашиб, муваффақиятга эришди. «Алпомиш», «Сайдимхон», «Малика айёр», «Авазхон», «Ҳиломон», «Қиронхон», «Кунтуғмиш», «Юсуф билан Аҳмад» каби халқ достонларини куйлаган, замонавий мавзуларда термалар яратган. У қаҳрамонлик достонларини шўх айтиши, куйларининг ёқимлилиги б-н бошқа достончилардан ажралиб турган.