АБДУЛКАРИМБИЙ

АБДУЛКАРИМБИЙ, Абдулкаримхон (1710-1750) — Қўқон хони (1733—50). Минглардан, Шоҳрухбийнинг ўғли. Акаси Абдураҳимбий вафот этгач (1733), тахтга ўтирган. Хонлик ўрдасини Қўқон яқинидаги Тепақўрғондан Қўқонга кўчирган. 1746 й. Ўратепа ҳокими Фозилбий ёрдамида қалмоқлар ҳужумини қайтарган. А. Қўқон ш. да сарой, Мадраса, бозор ва Исфара, Қатағон, Марғилон, Тошкент, Ҳайдарбек номли шаҳар дарвозаларини қурдирган.

Ад.: Бейсембиев Т. К., Тарихи Шахрухи, Алма-Ата, 1987; Бобобеков Ҳ. Н., Қўқон тарихи, Т., 1996.