АБДУЛКАРИМ БУХОРИЙ

АБДУЛКАРИМ БУХОРИЙ (?-1830) — тарихчи, географ, сайёҳ. 1804 й. амир Ҳайдар Россияга юборган элчилар сафида таъминотчи бўлиб Петербург, Москва ва Астрахон (Ҳожи Тархон) ш. ларида бўлган. 1807 й. Туркияга юборилган элчилар сафида саркотиб бўлиб Истанбулга борган ва у ерда уйланиб, умрининг охирига қадар яшаб қолган. Абдулкарим Бухорийнинг Туркистон ва Афғонистон тарихига доир биргина асари бизгача етиб келган бўлиб, у «Тарихи Надимий» номи билан машҳур. Бу асарни француз шарқшуноси Ш. Шефер «Марказий Осиё тарихи» деб номлаб, француз тилида Парижда нашр этган (1876).