АБДУЛАЗИЗХОН

АБДУЛАЗИЗХОН (1509-1550) — Шайбонийлардан. Убайдуллахоннинг ўғли, Хоразм ҳокими (1538—39). Отасининг вафоти (1539)дан сўнг мамлакатда иккиҳокимиятчилик вужудга келиб, Абдулазизхон Бухоро хони (1540—50), Кўчкунчихоннинг ўғли Абдуллатифхон эса Самарқанд хони (1540—1551) бўлган. Абдулазизхон ўз ҳукмронлиги даврида давлат ва аҳоли манфаатларини кўзлаб қатор ислоҳотлар ўтказган, айрим солиқлар (таноб пули, тафовут, тавфири ва б.) ни бекор қилган, Бухоро атрофини янги мудофаа девори билан ўрашга киришган (уни Абдуллахон II қуриб битказган бўлиб, 20-а. бошларигача сақланган). Бундан ташқари у Бухорода Мадраса, улкан кутубхона, Баҳоуддин Нақшбанд қабристонида хонақолар қурдирган.

Абдулазизхон илм ва шеърият аҳлининг ҳомийси, ўта тақводор инсон бўлиб, тасаввуф олими — Шайх Жалол (7—1549) нинг муриди эди. У беназир ҳуснихат соҳиби бўлган, «Азизий» тахаллуси билан ғазаллар битган.