АБДУКАРИМХЎЖА СУЛОЛАСИ

АБДУКАРИМХЎЖА СУЛОЛАСИ — ғиждувонлик қўғирчоқбозлар авлоди: 1) Абдукаримхўжа (1800—1870) — сурнайчи ва қўғирчоқбоз;

2) Сиддиқ калон (1858—1940) — созанда ва мақомчи ҳофиз, қўғирчоқбоз. Масхарабоз, қўғирчоқбоз ва найрангбозлар тўдасига раҳбарлик қилган. Тўдада Файзи мехтар, Шоди пучуқ, Тўхта ноғорачи, Азиз муаллақ, Ҳамро масхарабоз, Сайфиддин шербоз каби санъатчилар ишлаган;

3) Холмурод бобо Сиддиқов (1891—1967) — қўғирчоқбоз. У «Полвон Качал», «Бичахон», «Усмахон» каби қўғирчокларини ўйнатиб келган. Анъанавий кўғирчоқ театрини ҳаётга яқинлаштиришга, қўғирчоқларнинг сўзлари билан ҳаракатларини уйғунлаштиришга, томошаларнинг мароқли ва таъсирчан чиқишига интилган.