АБДУҒАФУРОВ

АБДУҒАФУРОВ Абдурайим (1867 — Тошкент — 1950) — халқ устаси, Тошкент бадиий читгарлик мактабининг намояндаси. Биринчи бўлиб мато (бўз)га гул босишда рўян ўрнига ализарин ишлатди. Бухоро ва Қўқон усталаридан янги расмларнинг қолипларини, янги безак ва мужассамотларни келтириб, маҳаллий читгарликка ижодий сингдирди. Абдуғафуров ўз асарлари билан Ўзбекистонда ўтказилган бир неча кўргазмаларда қатнашди. 1935 й. дан Тошкент бадиий ўқув и. ч. комбинатида дарё берган. 1937 й. да Парижда ўтказилган Халқаро кўргазмада Абдуғафуровнинг асарлари юқори баҳоланди. 30 – й. лар охири — 40 – й. лар бошларида Москва, Иваново, Серпухов тўқимачилик корхоналари учун чит, сатинга босиладиган гулқолип намуналарини тайёрлаб берган. 1940 й. да Абдуғафуров рассом В. Криницкий билан ҳамкорликда қолиплар учун 11 та «Пахта нусха» эскизлар яратди. Бу нусхаларда ғўза баргидан тортиб очилган чаноққача бўлган жараёнлар ўсимликсимон миллий нақшлар негизида ўз ифодасини топган. Абдуғафуров безаган дастурхон, кир-печ, чойшаб ва б. буюмлар (республика музейларида сақланмоқда) гулларининг ёрқинлиги, рангларининг уйғунлиги, мужассамоти б-н диққатни тортади.