АБДИЙ

АБДИЙ Мирабдуллахўжа (1870 — Бухоро — 1922) — шоир ва тазкиранавис. Абдийнинг айрим замондошларига бағишланган қасида ва ғазалларидан намуналар Афзал Примастийнинг («Афзал ут-тазкор» (1904) ва Неъматулла Муҳтарам («Тазкират уш-шуаро», 1910) тазкираларида учрайди. «Тазкираи Абдий» (ёки «Тазкират уш-шуарои мутааххирини Бухоро», «Тазкират уш-шуаро», 1904) тазкирасида Амир Абдулаҳад даврида яшаб ижод этган 118 шоир ҳақида биографик маълумот ва асарларидан намуналар берилган. Тазкира муқаддима ва 28 мақсад (боб) дан иборат. Муқаддимада шеър ва шоирлик ҳақида фикр юритилади. Муаллиф шоирларни оддий, камтар бўлишга, енгил обрў ва бойлик изидан қувмасликка ундайди. Бобларда шоирлар ижодига баҳо берилган. Асар 19 – а. охири — 20 – а. боши Туркистон адабий ҳаракатчилигини, хусусан, ўзбек-то-жик адабий алоқаларини ўрганишда муҳим манбалардандир. Жумладан, тазкирада Аҳмад Дониш, Возеҳ, Шоҳин, Садриддин Айний, Тошхўжа Асирий кабилар ҳақида қимматли маълумотлар бор.