АБДИДАРУН МАЖМУАСИ

АБДИДАРУН МАЖМУАСИ — Самарқанд қалъа деворининг шарқий томони (дарун — ичкари)да жойлашган қадимги зиёратгоҳ. 9 – а. да яшаган аллома Абд Маъзиддин қабри атрофида турли бинолар пайдо бўлиб меъморий зиёратгоҳга айланди. Марказида энг йирик бино — хонақоҳ (15 – а.) кўзга ташланади. Унинг пештоқи, гумбази ва девор безаклари Улуғбек даври меъморлиги маҳсули эканлигидан дарак беради. Зиёратхона — жамоатхона масжид вазифасини ўтаган. Хонақоҳнинг ичида авлиёнинг мақбараси бор. Таъмирлаш натижасида мақбара биносининг дастлабки қиёфаси ўзгариб кетган. Ҳовли ўртасидаги сарҳовуз чашмабулоқ устида бўлгани учун ҳам унинг суви қишинёзин бир хилда сақланган, аҳоли орасида шифобахш ҳисобланган. Ҳовли атрофидаги ҳужралар ва ғарб томондаги жоме масжид 19 – а. га оид. Масжид безаклари орасида усталар номи сақланган.