АББРЕВИАТУРА

АББРЕВИАТУРА (итал. abbreviature — қисқартма лот. abbrevio — қисқартираман) — 1) лингвистикада: сўз бирикмаларини қисқартириб ҳосил қилинган сўзлар: а) бирикма таркибидаги сўзлар биринчи ҳарфлари алифбо тартибида ўқилади ёки оддий сўз — ҳарфлар англатган товушлар каби талаффуз этилади. Мас, БМТ (бе-ме-те) — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги); б) мураккаб қисқартма сўзлар: сўз бирикмалари таркибидаги сўзлар биринчи ҳарфларидан ташқари, улар маълум қисмлари (морфемалари) олиниб ясалади. Mac, ЎзР (Ўзбекистон Республикаси), юрфак (юридик факультет);

2) мусиқада: нота ёзувида қисқартириш ва соддалаштириш белгиси. Куй қисмларининг такрорланишида, жуда баланд ёки паст товушларни бир октава баланд ёки паст қилиб шартли ноталаштиришда, нота чизиқларидан сўнг қўшимча чизиқларни камайтиришда қўлланиладиган белгилар. Аббревиатура партитурада куйга қочирим беришни ҳам ифодалайди. Аббревиатура ёрдамида асарнинг нисбатан мустақил, тугал қисми ёки қўшиқ банди такрори, айрим такт ёки куй тузилмалари такрори берилади. Аббревиатура кўп қўшимча чизиқлардан халос қилиб, нота ўқилишини осонлаштиради. Мусиқа безакларини ифодалашда кенг қўлланилади.