АБАСТУМАНИ АСТРОФИЗИКА РАСАДХОНАСИ

АБАСТУМАНИ АСТРОФИЗИКА РАСАДХОНАСИ — Грузия ФА астрономик и. т. муассасаси; 1932 й. да Абастумани қишлоғи ёнида ташкил қилинган. 1937 й. дан денгиз сатҳидан 1650 м баландликдаги Канобили тоғида иш олиб боради. Юлдузларнинг спектрал кўрсаткичлари, юлдузлараро муҳитда ёруғликнинг ютилиши, юлдузларнинг Галактикадаги ҳаракати, Ернинг юқори атмосфераси ўрганилади. Ўзгарувчан юлдузлар ва Ой сатҳи электрофотометрия қилинган; юлдузлар ва б. осмон жисмларининг ранг кўрсаткичлари рўйхати тузилган, янги кометалар, кичик сайёралар, янги юлдузлар, эмиссион юлдузлар очилган. Асосий асбоблари: 70 см ли менискли телескоп, 125 см ли рефлектор, 40 см ли рефлектор, Шмидт тизимидаги 36 см ли телескоп, электрофотометр ўрнатилган 32 см ли рефлектор, хромосфера телескопи, 40 см ли қўшалоқ астрограф ва б. 1937 й. дан «Бюллетень» чоп этади. Осмоннинг 100 мингдан ортиқ фотосурати сақланмоқда.